Кўрсаткични “тўғрилаган” монтёр

12:00 - 14.04.2021

18

Электр ва иссиқлик энергияси, табиий газ ва сувдан ноқонуний фойдаланиш туфайли таъминотчи корхоналарга етказилаётган зарар миқдори кўпайиб бораяпти. Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси томонидан 2017 йилда фош этилган электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш жиноятлари 112 та, етказилган зарар 10,1 млрд. сўм бўлган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 86 та, зарар миқдори эса 25,5 млрд. сўм бўлган.

Шу каби 2017 йилда табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш ва ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 27 та жиноят фош этилган, 2018 йилда 40 та ва 2019 йилда 49 та шундай жиноят аниқланган.

Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш оқибатида таъминотчи корхоналарга 2017 йилда 14,5 млрд., 2018 йилда 14,8 млрд. ва 2019 йилда 16,2 млрд. сўм зарар етказилган.

Ушбу турдаги жиноятларнинг кўпайиб бораётгани етказиб берилган ва ишлатилган энергия ресурслари ва сув ўртасидаги тафовутнинг ортишига, оқибатда иқтисодиёт асосларига сезиларли зарар етишига олиб келади.

Таҳлиллар таъминотчи корхоналарнинг айрим мутасаддилари энергия ресурсларининг ҳақиқий ҳисобини юритмаслик, уни камайтириб кўрсатиш эвазига юридик шахслардан пора олаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олинган тезкор маълумотлар асосида ўтказган тадбирда Янги шаҳар электр таъминоти корхонаси монтёри Э.Йўлдошев ва бошқалар «Asia Sakato» МЧЖнинг электр энергиясини ҳисобга олиш ускунаси кўрсаткичини компьютер орқали 77284,8 кВт/соатга ёки 17,6 млн. сўмга камайтириб, эвазига жамият раҳбари А.Нурматовдан 200 АҚШдоллари ҳамда 1,6 млн. сўм пора олганида ушланган.

Жиноятни тўлиқ фош этиш, етказилган зарар миқдорини аниқлаш борасида олиб борилган тадбирларда маълум бўлишича, Э.Йўлдошев Россияда ишлаб чиқарилган «Admintools» дастурини «Netbook» компьютерига юклаб, махсус USB кабели орқали ҳисобга олиш ускунаси хотирасига уланиб, кўрсаткичларни камайтириб келган.

Ушбу ҳолат юзасидан айбдорларга нисбатан жавобгарлик масаласи ҳал қилинди.