Адолатли солиқ сиёсати яширин айланмага чек қўяди

17:00 - 13.04.2021

12

Мамлакатимизда пул-кредит, валюта, солиқ ва ташқи савдо соҳаларида тадбиркорлик учун қулай шароит яратиш ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга экспертларнинг баҳолашлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилаётган сўровлар иқтисодиётдаги савдо ва умумий овқатланиш, автотранспортда ташиш, уй қуриш ва таъмирлаш, тураржой хизматларини кўрсатиш каби соҳаларда яширин айланма кўплигидан далолат беради. Бу эса виждонли тадбиркорларнинг манфаатига путур етказаяпти, улар учун тенг бўлмаган бизнес юритиш шартларини юзага келтирмоқда.

Шу боис 2020 йил 30 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги 6098-фармони қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги «Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида»ги қарори билан Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мазкур низомга мувофиқ солиқ текширувлари қуйидаги шаклларда ўтказилиши белгиланди.

Камерал солиқ текшируви — солиқ тўловчилар (солиқ агентлари) томонидан солиқлар ва йиғимлар тўғри ҳисобланишини, бюджетга ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини текшириш мақсадида солиқ тўловчи, солиқ агентлари тақдим этган ҳисоботларни ва солиқ органида мавжуд бўлган солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида солиқ органи ўтказадиган текширув.

Сайёр солиқ текшируви – солиқ органлари томонидан солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш соҳасида солиқ тўловчиларнинг айрим мажбуриятларини, шунингдек, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажариш бўйича ўтказиладиган текширув, унда ҳисобга олиш ҳужжатлари, товар-моддий бойликлар ва пуллар ҳаракати, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборот таҳлил қилинади.

Солиқ аудити – солиқ тўловчининг муайян даврдаги молия ва солиқ ҳисоботларининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги ва ҳаққонийлигини, бухгалтерия ҳисоби ва солиқ мажбуриятларининг тўғри шакллантирилиши ва акс эттирилишини ўрганиш орқали солиқларни тўғри ҳисоблаш ва тўлашнинг тўғрилигини текширишдир.

Тадбиркорлик субъектларида сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити (давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсларни текширишдан ташқари) Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда ўтказилиши лозимлиги белгиланди.

Шунингдек, мазкур низом билан текширишларни ўтказиш тартиби, текшириш ўтказилаётган тадбиркорлик субъектлари ва текшириш ўтказувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилди.