Ота уй билан қарзини узди

15:30 - 13.04.2021

12

Алимент ундириш тўғрисидаги ҳужжатларнинг ижроси аҳволи энг муаммоли ва аҳоли норозилигини келтириб чиқарадиган асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. Бироқ ота-оналарнинг айрим сабабларга кўра ажралиши фарзандларниг моддий таъминотига салбий таъсир этмаслиги лозим.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги 808-қарори билан «Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган. Унинг моҳиятини аҳолига етказиш борасида Тупроққалъа туманида ҳам қатор тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг 2015 йил 12 октябрдаги ижро варақасида C.О.дан Р.Д.га уч фарзандининг таъминоти учун ҳар ойлик даромадининг ярми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Қарздор ота собиқ турмуш ўртоғи Р.Д. билан келишган ҳолда ўзи яшаб турган хонадонни фарзандлари учун унинг номига ўтказиб берган.

Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг 2019 йил 30 майдаги ижро ҳужжатида М.К.дан Л.М.га фарзандининг таъминоти учун ҳар ойдаги даромадининг чорак қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Тахиатош тумани бўлимига келиб тушган кундан ишга киришилган ва ота алиментни ойма-ой тўлаб келган. Шунга қарамасдан 2021 йилнинг январь ойи охирларида М.К. бюронинг туман бўлимига келиб, алимент эвазига ўз уйини расмийлаштириб бериш истагини билдирган. Унга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилгач, собиқ турмуш ўртоғи билан келишган ҳолда Тахиатош туманидаги кўп қаватли уйларнинг биридаги хонадонини Л.М.га расмийлаштириб берди ва суд томонидан алимент тўлашдан озод қилинди.