“Деҳқонлар”нинг ҳосили барвақт сўлди

11:30 - 13.04.2021

14

Ўз нафсини ўйлаган Мироншоҳ ва Шоҳжаҳон Ҳазратов, Илҳом Самадов ва Ойбек Ҳайитовга бировларнинг соғлиғи аҳамиятсиз. Ўзларининг чўнтаги қаппайса бўлди. Улар олдиндан тил бириктириб, наша савдоси билан шуғулланиб келишган.

2020 йилнинг май ойида И.Самадов гугурт қутисига жойлаштириб сотган 1,07 грамм наша бошқа бир қўлни айланиб Ш.Ҳазратовга келди. У эса узоққа боролмади. Бухоро шаҳар ички ишлар ходимларида шубҳа уйғотгани сабабли тўхтатилиб текширилганида чўнтагидан наша чиқди.

Шундан сўнг ушбу наркотик моддани ким сотаётганини аниқлаш мақсадида тадбир ўтказилади. Тадбир давомида И.Самадов ва М.Ҳазратов ушланади. Маълум бўлишича, И.Самадов гугурт қутисига солинган нашани М.Ҳазратовга 600 минг сўмга сотган экан. Ўз навбатида М.Ҳазратов уни жиноий шериги Ш.Ҳазратовга ўтказган.

Тергов жараёнида И.Самадовни наша билан таъминлаб келаётган яна бир киши аниқланиб, қўлга олинди. Жумладан, И.Самадовнинг кўрсатмасига асосан О.Ҳайитовнинг хонадони текширилганида, унинг томорқасида бир туп наша ўсимлиги борлиги аниқланди. Бундан ташқари, О.Ҳайитовнинг уйидан сотиш учун тайёрлаб қўйилган 101,4 грамм наша топилди. Мазкур ҳолат бўйича жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор тумани судининг ҳукми билан айбдорларга нисбатан жазо тайинланди.

Туман ҳудудида наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи яна бир гуруҳнинг фаолиятига чек қўйилди. 2020 йилнинг август ойида Отабек Камолов жиноий шериклари Зокир Шаропов ва Бахтиёр Шарипов билан тил бириктириб наша савдоси билан шуғулланиб келаётгани тўғрисида хабар келиб тушади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида мазкур гуруҳ аъзоларини қўлга олиш учун тадбир ўтказилади.

Мазкур гуруҳ билан алоқа ўрнатиш вазифаси фуқаро Н.П.га юклатилади. У кўп ўтмай гуруҳ билан тил топишиб, наша сотиб олиш учун буюртма беради. Келишилган куни Н.П. буюртмани олиш учун Бухоро шаҳридаги вилоят касалхонаси олдига боради ва улардан бир нечта гугурт қутисига солинган нашани 1 млн. 500 минг сўмга сотиб олаётган вақтида жиноий гуруҳ ушланади.

Терговда маълум бўлишича, Б.Шарипов хонадони кўздан кечирилганда, томорқасида 6 туп наша парваришлаётгани ошкор бўлди. Шунингдек, хонадон қозонхонасидан полиэтилен пакетга солиб қўйилган наша ҳам топилди. Суд ҳукми билан бу шахслар ҳам жазога тортилди.