Зулмат қўйнидаги қилмишлар

18:00 - 12.04.2021

7

Самарқандлик Баҳром (исмлар ўзгартирилган) эрта тонгда уйғониб, пиво ичиб олди. Кейин кўчага чиқиб, такси тўхтатди. У пул топиш учун ўғирликни режа қилиб уйдан чиққанди.

Гагарин кўчасида таксидан тушиб қолди. Ўлжа излаб юриб шу атрофда турган оқ «Ласетти» диққатини тортди. У машинага яқинлашиб, эшиги очиқ қолдирилганини билди. Атрофга қараб, ҳеч ким кузатмаётганига ишонч ҳосил қилгач, эшикни очиб машинага минди. Унда 850 АҚШ доллари, аёллар сумкасидаги 100 минг сўм пул, 1300 долларлик тилларанг «I phone 11 pro max» русумли телефон, битта қулоқчин ҳамда ичида кийимлари бўлган битта спорт сумкаси бор экан. У машинадан 25 миллион сўмдан ортиқ мулкни олиб кетди.

Машина эгаси уйига анча кеч қайтди. Машинани уйи олдига қўйиб, ичидаги нарсаларини олмай уйига кириб кетди. Аксига олиб ўша куни машина пультининг қуввати тугаб, машина ёпилмай қолган эди. Эртаси куни тушликка яқин кўчага чиққан Саид машинасидан телефонини тополмади, шундан бошқа нарсаларни ҳам йўқолганини билгач, тезда ИИБга мурожаат қилди.

Орадан бир неча кун ўтди. Баҳром тонгда кўчага чиқди. Кўча кезиб юрганда шаҳар шифохонаси қаршисидаги дорихона олдидан ўтиб кетаётиб, қаровсиз турган велосипедни кўрди. Велосипедни шартта минди-да кетворди. Регистон томонга борди. Бу ёққа келгунча кун ёришиб қолди. Баҳром велосипедда шу атрофда яшайдиган ўртоғининг уйига борди. Пул керак бўлаётгани учун велосипедини сотмоқчи эканини айтди.

Ўртоғи ҳам савдони чўзмади, «берсанг 500 минг сўм пулим бор» деди. Баҳром ҳам тортишмай рози бўлди. У ҳаромдан ҳазар қилмай қўйган эди.

Ярим кечаси овга чиққан Баҳром шаҳар кўчаларини кезди. Телефонининг фонарини ёқиб кўп қаватли уйлар олдида турган машиналарнинг салонини кўриб чиқди.

«Нексия» машинаси эшигининг чўнтагида пул борлигини кўриб қолди. Ҳайдовчи эшиги томонга ўтди, ойнаси ҳам, эшик ҳам ёпиқ экан. Узоқ ўйлаб ўтирмади, эшик ойнасини тош билан синдириб, пулни олди. Уйига келиб санаб кўрса 830 минг сўм ва 300 доллар экан. Яна бир неча кун ялло қилиб яшади. Баҳром кабиларнинг зулмат қўйнидаги қилмишлари тезда ошкор бўлаяпти. Баҳром аввал ҳам судланган, бироқ бундан хулоса чиқармаган эди. Суд илгари тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмини қисман қўшиб, Баҳромни 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди.