Мактаб ўқувчиси жиноят қилди

16:00 - 12.04.2021

6

Мансур (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2020 йил май ойида Тошкент шаҳрига ишлаш мақсадида бориб, Қибрайда Жасур исмли йигит билан танишди. Жасурнинг ҳовлисида ишлаб юрди. Ўша куни оқшомга яқин Мансур ҳовлида Жасурнинг автомашинаси ойнаси очиқ турганидан фойдаланиб, салондаги ҳамёндан бир боғлам эллик мингталикни олди ва жуфтакни ростлади.

Орадан бир неча кун ўтиб, Шаҳрисабзда санғиб юрганида бир ҳовлини кўз остига олиб қўйди. Аммо кўнглига туккан шум ниятини бир ўзи амалга ошира олишига кўзи етмади. Мактабда ўқийдиган таниши Нодирни шерик қилди.

Мўлжаллаган жойга келишди. Дарвоза очиқ экан. Нодир кўчада пойлаб турди. Мансур ҳовлига кириб, гараж томонга ўтди. Гаражда турган «Trаcker»нинг ойнаси орасидан қўл суқиб, бардачокни очди. Ўлжа ёмон бўлмади. Икки боғлам пулни қўйнига уриб, кўчага чопди. Пулни санаб кўришди – 980 000 сўм экан.

Мазахўрак бўлган Мансур эртаси куни яна шу дарвоза ёнида ҳозир бўлди. Яна гараждаги машинадан қўлига илинганини кўтариб чиқди. Бу сафарги ўлжа 350 000  сўм чиқди.

Бир неча кун ўтиб Мансур яна ўша хонадонга келди. Бу сафар дарвозахонада оқ рангли «Jentra» эшигини очган пайтида уйдан чиқиб қолган йигит югуриб келиб уни ушлаб олди ва отасини ёрдамга чақирди. Хонадон соҳиби ички ишлар идорасига қўнғироқ қилди…

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судида Мансур Қодиров ва Нодир Юсуповнинг жиноят иши кўрилди. Қайд этилишича, Мансур Қодиров 2003 йилда туғилган. Маълумоти ўрта, бўйдоқ. Илгари қилган жинояти учун бир ярим йилга озодликдан маҳрум этилган. Шаҳрисабз шаҳрида яшайди. Нодир Юсупов 2005 йилда туғилган. Шаҳрисабз шаҳридаги мактаблардан бирининг 9-синфида ўқийди. Суд мажлисида икковлон қилмишига иқрор бўлиб, суддан қонуний енгиллик сўрашди.

Суд ҳукмига кўра Мансур Қодировга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 1 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш, Нодир Юсуповга эса базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Нодирга жамоат тарбиячиси тайинлаш у таҳсил олаётган мактаб маъмуриятига юклатилди. Жабрланувчига етказилган зарар қоплангани қайд этилди.