Барқарор ривожланиш йўлида янги қадам

10:30 - 12.04.2021

30

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги 6155-фармони билан тасдиқланган давлат дастурида «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ҳамда ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналишлари бўйича бажарилиши кўзда тутилган вазифалар белгиланган.

Биринчидан, дастурга асосан эндиликда туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ер ва мулк солиғи бўйича 2021 йил 1 январгача ҳисобланган солиқ қарзини йилнинг охири, яъни 31 декабрга қадар тўлаш имкониятига эга бўлади.

Иккинчидан, ижтимоий соҳадаги энг муҳим вазифалардан бири сифатида ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, хусусан, меҳрибонлик уйларининг уйга муҳтож 900 нафар битирувчисини уй билан таъминлаш белгиланган.

Шу ўринда айтиш жоизки, фармонда ногирон ва тиббий муолажага муҳтож аҳолини қўллаш мақсадида илғор хорижий тажриба ва жамоатчиликнинг таклифларини инобатга олган ҳолда 2021 йил 1 июнга қадар протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш амалиётини сертификат бериш тизимига ўтказиш назарда тутилган.

Шунингдек, гарчи мантиқан тўғри бўлмаса ҳам шу кунгача ногиронлиги аниқ кўриниб турган бўлса-да, анатомик нуқсонлари бўлган одамни ногирон деб топишда ҳар гал муддат янгиланганда қўшимча клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширув ўтказилган.

Энди ушбу амалиётга чек қўйилган ҳолда мазкур шахсларнинг
ногиронлиги муддатсиз даврга белгиланади.

Учинчидан, бугунги кунда аҳоли турмушини яхшилаш ҳамда камбағалликни қисқартириш масалалари алоҳида аҳамиятга эга. Бу борада жорий йилда аҳолининг тадбиркорлиги ва ўзини ўзи банд қилишини қўллаб-қувватлаш, «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга деҳқончилик қилиш учун 0,1 гектардан 1 гектаргача ер ажратиш, ажратилган ерларни суғориш тизими ва электр энергияси билан таъминлаш, берилган ерларни ўзлаштириш учун субсидия ажратиш режалаштирилган.

Тўртинчидан, эксперимент тариқасида ҳар бир ҳудудда биттадан туман ё шаҳар бюджетининг камида 5 фоизини аҳолининг фикр-мулоҳазалари асосида маҳалладаги муаммоларни ҳал этишга йўналтириш тартиби жорий этилади.

Бешинчидан, бу йил маҳаллий ҳокимиятларда ҳам қатор ўзгаришлар қилиш кўзда тутилган, яъни ушбу органлар 1 июлдан бошлаб қарорларни фақатгина «E-qaror» электрон тизими орқали тайёрлаш, қабул қилиш, ҳисобга қўйиш ва эълон қилишнинг интеграциялашган базавий ахборот тизимига ўтади.

Эндиликда электрон тизим орқали қабул қилинмаган ҳужжатларни амалга киритганлик ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказмаган ҳолда қабул қилганлик учун маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.

Дастурдаги яна бир аҳамиятга молик жиҳат коррупцияга қарши кураш билан боғлиқ. Унда келтирилишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг «Е-антикоррупция» лойиҳаси асосида давлат органлари ва ташкилотларининг коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича таклифларини кўриб чиқиш, соҳа ва тармоқлардаги таҳлиллар ва жамоатчилик сўровини ўтказиш орқали «Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри» тузилади. Унга мувофиқ рақамлаштириш (электрон навбат, аукцион ва бошқа замонавий усуллар), очиқликни таъминлаш, жамоатчилик назорати орқали ҳар бир коррупциявий омил бартараф этилади ҳамда кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги жамоатчилик фик рини ўрганган ҳолда баҳоланади ва эълон қилиб
борилади.

Олтинчидан, эндиликда фуқаронинг шахсини тасдиқлашнинг ягона идентификация рақами жорий этилиб, доимий ё вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фуқаролар фойдаланиши мумкин бўлган давлат хизматларининг кўлами кенгайтирилади. Бундан ташқари, давлат, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини йўлга қўйиш орқали қоғоз кўринишида ҳужжат тақдим этиш амалиётига чек қў йиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилган давлат хизматларининг натижасини почта орқали етказиш, марказ-маҳалла-фуқаро тамойилига асосан давлат хизматларининг ҳар бир оилага кириб боришини таъминлаш бўйича Қарши шаҳар тажрибасини жорий этиш белгиланган. Мазкур ислоҳотлар одамларнинг оғирини енгил қилиш билан бирга, уларнинг давлат органларига бўлган ишончини мус таҳкамлайди.

Еттинчидан, дастурда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро стандартлар ва инсонпарварлик тамойилини жорий этиш мақсадида 2021 йил 1 апрелга қадар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига мониторинг ташрифларини йўлга қўйиш тавсия этилган.

Шунингдек, бу йил манзил-колониялар 6 тагача қисқартирилиб,
инсонпарварлик комиссиялари ташкил этилади. 1 июндан бошлаб жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритишваколати жазони ижро этиш муассасаларидан мазкур комиссияларга ўтказилади.

Нурмухаммад НИЯЗАЛИЕВ,
Хўжаобод тумани прокурорининг
катта ёрдамчиси