Инсон эмас, ҳужжатбозлик устун

12:00 - 12.04.2021

25

Давлатимиз раҳбари раислигида 1 апрель куни аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида қилинаётган ишлар ҳамда вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Президентимиз айни вақтда тиббиёт соҳасида оқсаётган нуқталарга эътибор қаратди.

Хусусан, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг вертикал иш тизимини такомиллаштириш, уларни оилавий шифокор пунктлари билан боғлаш зарурлигини таъкидлади. Яъни, беморларни овора қилиб пойтахтга юбормасдан, уларга яшаш жойида малакали ёрдам олиш имкониятини яратиш кераклигини айтиб ўтди.

Шунингдек, Президент ихтисослаштирилган марказларга бериладиган бепул ордерларга тўхталди. 2020 йилда ихтисослаштирилган марказларда даволанишга муҳтож 84 минг бемордан атиги 51 минг нафарига бепул ордер берилгани қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, бу йил ордерлар учун маблағни деярли 1,5 баравар кўпайтириб, қўшимча 80 миллиард сўм ажратиш бўйича Молия вазирлигига кўрсатма берилди.

Дарҳақиқат, бепул даволаниш учун бериладиган ордерлар масаласи узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган оғриқли масалалардан бири эди. Маълум вақтда даволаниб туриши лозим бўлган беморлар аксарият ҳолатларда бепул ордерни вақтида ололмай қийналаётганди. Бу ишга масъул бўлган туман тиббиёт бирлашмаларининг ходимлари эса ордер олишга ҳақли бўлган фуқарони овора қилишга одатланишган.

– Ёшим 75 да, юрагим тез-тез безовта қилиб туради, – дейди Зангиота туманида яшовчи Йўлдош Юсупов.
– Шифокорлар йилда икки марта ихтисослаштирилган шифохонада даволанишим кераклигини таъкидлашган. Шунинг учун белгиланган вақтда даволаниб туришим шарт. Бепул ордер йилда бир марта берилишидан хабарим бор, шу боис иккинчи марта ўз ҳисобимдан даволанаман. Аммо ҳар йили шу бепул ордерни олишда кўп овора бўламан. Туман тиббиёт бирлашмасига қатнайвериб чориғимнинг таги тешилади. Бўлмасам, ордерни вақтида олиш учун навбатга тураман. Навбатим келганида мен билан боғланишлари учун бир эмас учта телефон рақамини ҳам бериб қўяман. Лекин, мана 15 йилдирки, тиббиёт бирлашмасининг масъул ходимлари ҳеч «Амаки, навбатингиз келибди, ордерингизни олиб кетинг» дейишмаган. Ҳар сафар бориб, аввал илтимос қиламан, кейин бақир-чақир қиламан. Ўлиб кетмайсизми, уларга барибир, пинагини бузмайди. Қайтанга шу ордер олишга бориб, асабим бузилади, соғлиғим ёмонлашади. Кейин юқори ташкилотга шикоят ёзаман ёки бирор мансабдор танишимни топиб илтимос қиламан. Уларнинг қўнғироғи билан ҳар йили базўр ордер оламан. Хуллас, йиллар давомида ордер масаласидатаниш-билишчилик, коррупция урчиб кетган эди. Энди бу масалалар ҳам ўз ўрнига тушиб, биз каби қарияларнинг оворагарчилигига чек қўйилса керак.

Дарҳақиқат, айни пайтда бундай ҳолатларга республикамизнинг ҳар бир ҳудудида гувоҳ бўлишимиз тайин. Бугунги кунда бепул ордерни кутиб, шифтга қараб нажот кутиб ётган иложсиз фуқаролар ҳам йўқ эмас.

Бу борада давлатимиз раҳбари топшириқларни берди. Энди соғлиқни сақлаш тизимидаги мансабдорлар туман тиббиёт бирлашмаларидаги ордер билан боғлиқ рўйхатларни бир кўздан кечириб, бу ишда шаффофликни таъминлашса, халқимиз рози бўларди.

Соғлиқни сақлаш тизимига қарашли яна бир муассаса борки, у ерда ҳам фуқаролар оворагарчиликларга дуч келади. Бу ҳудудлардаги Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларидир (ТМЭК). Қонун ҳужжатларига кўра ТМЭКларнинг вазифаси фуқароларнинг ҳаёт фаолияти чекланганини экспертиза қилиш, ногиронликнинг гуруҳлари, сабаблари, бош ланган вақти ва муддатларини аниқлаш, экспертиза натижаларини, даволаш-профилактика муассасалари томонидан берилган тиббий ҳужжатларни ўрганиш асосида ногиронликнинг ҳолатини, ўзгаришини ва ногиронликка олиб келган омилларни тизимли таҳлил қилишдан иборат. Аммо бу тизимда ҳам адолат бироз четга сурилган, шаффофлик тўлиқ таъминланаяпти дея олмаймиз.

Масалан, бир неча йил аввал амаким пенсия ёшига етмай, соғлиғи ёмонлашди. Ишлаш лаёқатини йўқотди. Унда бир нечта касаллик аниқланди. Қандли диабед дарди буйрак ва кўзга жиддий таъсир ўтказди. Бир кўзи умуман кўрмай қолди. Шундан сўнг ногиронлик белгилаш учун тумандаги ТМЭКга мурожаат қилишди. Афсуски, улар шундоқ ҳам беморлиги аён бўлиб, ишлаш лаёқатини йўқотган одамга ногиронлик белгилашни рад этишди. Сабаб қилиб даволаш-профилактика муассасалари томонидан берилган тиббий ҳужжатлар етарли эмаслигини кўрсатишди.

Шундан сўнг мазкур ҳолат бўйича прокуратурага мурожаат қилдик. Ариза Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал этилди. Амакимга ТМЭК томонидан ногиронлик белгиланиб, нафақа тайинланди. Лекин бир неча ой вақт ютқазилди, ўртада қанча оворагарчиликлар бўлиб ўтди. Энди буёғини эшитинг. Туман ТМЭК амакимга ногиронликни белгилашни рад этган эди, оворагарчиликлардан кейин бу иш ҳал бўлди, аммо амакимга ногиронлик нафақасини олиш узоқ насиб этмади. У киши 5 ойдан сўнг аниқланган касалликлар оқибатида вафот этди. Ҳозирги кунда ҳам ТМЭК билан боғлиқ бу каби ҳолатлар йўқ дея олмаймиз.

– Ёшим 58 да, 15 йилдан буён ревмотоид артрит дардидан азобланаман, – дейди Сергели тумани 6-мавзе 1-уй 10-хонадонда яшовчи Мастура Акбарова. – Шунингдек, юрагим ҳам кўп безовта қилади, яъни менда бир неча йил аввал аритмия касаллигининг 2-босқичи аниқланган. Оилавий келишмовчилик ва бошқа сабабларга кўра турмуш ўртоғим билан ажрашиб кетганимдан сўнг икки фарзандимни ёлғиз катта қилдим. Ўша пайтларда давлат идораларида маош жуда оз эди. Шу сабабли ишдан бўшаб, бозорда олди-сотди қилдим, хуллас, икки қизимни вояга етказиб, турмушга бердим.

Пенсия ёшига етгач ҳужжатларимни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман бўлимига топширдим, афсуски, меҳнат стажим етарли бўлмагани учун пенсия тайинлашмади. Жамғармадагиларга касаллигимни айтсам, ногиронлик бўйича нафақага чиқсангиз бўлади дейишди. Ўзим юришга жуда қийналаман, шунинг учун катта қизим туман ТМЭК идорасига бориб учрашди. У ердагилар онангиз ётган даволаш-профилактика муассасалари томонидан берилган тиббий ҳужжатларни олиб келинг дейишибди.

Афсуски, моддий томондан қийналганим, қолаверса ижара уйда яшаганим учун менда бундай шифохоналарда ётишга шароит бўлмаган. Фақат ҳудудимиздаги поликлиникага чиқиб, шифокорлардан муолажа ёздириб олиб, уйда даволаниб юрганман. ТМЭКдагилар бундай ҳужжатлар йўқ бўлса, ногиронлик белгилаб беролмасликларини айтишди. «Наҳотки, касаллигим аниқ бўлса ҳам давлат ногиронлик бермайдими?» деб ўзимга-ўзим кўп савол бераман. Тобим бўлмай қолганда бизга қарайдиган 61-оилавий поликлиникага тез-тез мурожаат қилиб тураман. Ҳозир ҳам ихтисослаштирилган шифохоналарда ётиб даволанишга имкониятим йўқ. Фақат оғриқ қолдирувчи дорилар билан кунимни кўраяпман. Юрагимга эса вақтида муолажа ололмайман. Қизларимнинг оиласи бор, барака топишсин, баҳоли қудрат дориларимга ёрдам бериб туришади. Агар менга ногиронлик белгилаб беришганда, ҳар ҳолда нафақа тайинланар эди. Шу билан бирга давлатдан ордер олиб, бепул даволанишимга шароит бўларди…

Аслида бу борадаги қонун ҳужжатларида ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслар, шунингдек нохуш клиник прогнозли беморлар ТМЭК томонидан тиббий кўрикдан ўтказишга қабул қилиниши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Онахон билан суҳбатимиз якунида у энди 60 ёшидан умид қилаётганини айтди. «Насиб қилса, олтмишга кирганимдан сўнг балки менга боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақа тайинлашар» деди у. Гувоҳи бўлганингиздек, соғлиқни сақлаш тизимига қарашли мазкур соҳаларда ҳанузгача инсон эмас, бюрократия устун.

Давлатимиз раҳбари «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган гапни деярли ҳар бир йиғилишда такрорлайди.

Аммо юқорида номлари келтирилган баъзи ташкилотлар инсон омилидан кўра ҳужжатбозликни маъқул кўраётгани афсусланарли ҳолдир.

Камолиддин АСҚАРОВ,
«Huquq»