Фарзандликка олиш: мунозарага сабаб бўлаётган тафовут

18:00 - 09.04.2021

10

Болани фарзандликка олиш бўйича қонун талаблари мавжуд. Жумладан, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар, асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар, фарзандликка олгани бекор қилинганлар, қасддан содир этган жинояти учун илгари ҳукм қилинганлар болани фарзандликка ололмайди.

Чет эл фуқаролари ё фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон фуқароси бўлган болани фарзандликка беришга агар болани Ўзбекистонда доимий яшаётган фуқароларга фарзандликка бериш имконияти бўлмагандагина йўл қўйилиши мумкин.

Фарзандликка олганларнинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан бўйин тортиши, уларни лозим даражада бажармаслиги фарзандликка олишни бекор қилиш учун асос бўлади.

Гарчи Оила кодексида, Фуқаролик процессуал кодексида аниқ қоидалар белгиланган ва Олий суд пленуми қарорларида тушунтиришлар берилган бўлса-да, бундай ишларни кўришда судларда турли амалиёт шакллангани кузатилади.

Масалан, қасддан содир қилган жинояти учун илгари ҳукм қилинган шахслар Оила кодексининг 152-моддасига асосан болани фарзандликка олиши мумкин бўлмаган шахслар тоифасига киритилган.

Қонуннинг ушбу талабига асосан фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 2019 йил 12 апрелдаги қарори билан фуқаро Б.И.нинг  фарзандликка олиш ҳақидаги аризаси рад этилган. Бунга асос қилиб Б.И.нинг жиноят ишлари бўйича Пешку тумани судининг ҳукми билан ЖКнинг 25-, 169-моддалари «в», «г» бандлари билан айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилгани кўрсатилган. Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро суди эса фуқаро Ш.К.нинг худди шу мазмундаги аризасини қаноатлантиради. Ваҳоланки, Ш.К. ҳам жиноят ишлари бўйича Учқўрғон тумани судининг ҳукми билан ЖКнинг 186-моддаси 1-қисмига асосан жиноий жавобгарликка тортилган эди.

Бундай ҳолатлар фуқаролар ўртасида турли мунозараларга сабаб бўлаяпти. Таъкидлаш лозимки, эҳтиётсизлик ёки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган ё судланганлик муддати тугаган шахс оиласини сақлаб қолиш ёки бошқа сабабларга кўра бола асраб олишни истаса-да, бунга қонун йўл қўймайди. Мазкур ҳолат эса жамиятдаги айрим шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўймоқда. Яна бир томондан юқоридаги сабаб туфайли васийлик ва ҳомийлик вазифаларини амалга оширувчи муассасаларда коррупцион ҳолатлар келиб чиқиши эҳтимоли ортади. Шунинг учун ҳам ҳозирги вазият бу борадаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо этмоқда.