Фарзандликка олиш: тақиқда ҳам адолат бўлсин

16:30 - 09.04.2021

37

Бош прокуратура томонидан фарзандликка олиш амалиёти ва унинг ҳуқуқий асослари таҳлил қилинди. Маълумки, болалар Оила кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 ноябрдаги 739-қарори билан тасдиқланган «Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида»ги низомига асосан фарзандликка олинади.

Фарзандликка олишга боланинг манфаатини кўзлаб йўл қўйилади. Миллий қонунчиликка кўра қасддан содир этган жинояти учун илгари ҳукм қилинган шахсларнинг болани фарзандликка олишига йўл қўйилмайди. Мазкур норма ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ҳамда фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноятлар (иқтисодиёт, экология соҳасидаги жиноятлар ва ҳ.) учун ҳам татбиқ этилади.

Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан Ш.Р. ва Н.Т.нинг вояга етмаган болани фарзандликка олиш ҳақидаги аризаси рад этилган.

Аниқланишича, Ш.Р. ва Н.Т. 2002 йилда қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуришган, бироқ фарзандлари бўлмагани сабабли қариндошлари М.В. ва Н.М.нинг 2017 йилда туғилган фарзандини туғилганидан бошлаб парваришлаб, тарбиялаб келишган. Нотариал тасдиқланган аризага кўра боланинг ота-онаси фарзандини Ш.Р. ва Н.Т.га фарзандликка беришга рози бўлган.

Суд даъвони рад қилишда Ш.Р. жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукми билан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятни содир этиб, жавобгарликка тортилгани, Оила кодексининг 152-моддасига биноан қасддан жиноят содир этгани учун ҳукм қилинган шахсларга бола фарзандликка берилмаслигига асосланган.

Бундан хулоса қиладиган бўлсак, амалдаги тартиб илгари қасддан жиноят содир этган шахсларнинг ноқонуний йўллар билан фарзанд асраб олиши эҳтимолини вужудга келтирмоқда. Фарзандли бўлиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи. Таҳлилларга кўра,  республикада фарзандликка олиш истагини билдирганлар 4 мингдан ортиқ. Бугунги кунда фарзандликка олиш истагида навбатда турганларнинг сони фарзандликка берилаётган болалар сонига (ҳар йили ўртача 200 нафар бола) нисбатан анча юқорилигича қолмоқда.

Аниқланишича, Озарбайжон, Қозоғистон, Беларусь, Украина ва Россияда илгари қасддан жиноят содир этган шахсларга болани фарзандликка олишни тақиқлаш тизими ижтимоий хавфлилигига қараб белгиланади. АҚШ, Руминия, Хитой, Канада, Германия, Норвегия, Дания, Нидерландия, Испания, Буюк Британияда эса фарзандликка олиш тақиқловчи сабаб сифатида шахснинг судланганлиги умуман кўзда тутилмаган.

Таҳлил ҳамда хорижий давлатларнинг амалиётини инобатга олиб, фарзандликка олиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳалари ишлаб чиқилди. Уларда қасддан жиноят содир этган шахсларнинг болани фарзандликка олишини тақиқлаш тизимини ижтимоий хавфлилигига қараб белгилаш назарда тутилмоқда.

Ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши бола ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоялаш, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оила муҳитида тарбиялашга хизмат қилади ҳамда уларни қонунга зид равишда фарзандликка олишга барҳам беради.