Адолатни раҳнамо билиб

11:30 - 09.04.2021

13

ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ ЙЎЛИ

Дунёдаги ҳамма халқлар ҳам ўзининг озодлиги учун курашган
фарзандларининг ҳаётини миллат қадриятига айлантиравермайди. Шу маънода Амир Темур ўзининг шарафли ҳаёт йўлини миллат қадриятига айлантира олган ва буни авлодлари тан олган инсон эди. Бу тўғрида сўз очадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари Ислом Каримовнинг тарихий хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтгимиз келади. Истиқлолнинг илк кунларидаёқ у киши соҳибқирон бобомизнинг ҳурматини ўрнига қўйишга дадил киришди. Амир Темур миллатимизнинг фахри, тоғдай таянчи эканлигини ўз маърузаларида қайта-қайта таъкидлади.

ФОЗИЛЛАРГА, ҲУНАРМАНДЛАРГА ЭЪЗОЗ КЎРСАТИБ…

Соҳибқирон бобомиз давлатни юксалтиришда илмнинг аҳамияти беқиёслигини яхши билган ва шу сабабли олимларга катта иззат-икром кўрсатган. Тарихчиларнинг ёзишича, соҳибқирон болалик чоғларидан то сўнгги нафасигача донишманд уламо, шоирлар, санъат аҳли, ҳунармандларга озор етказмаган. Ҳар вақт бир мустаҳкам шаҳарни жанг билан тасарруф қилса-да, илм аҳли, ҳунармандларни ўлимдан сақламоққа амр берар эди.

Амир Темурнинг улуғ фазилатларидан бири – Тангри раҳматига етган фозиллар хотирасини ҳамиша шарафлаган. Туркистон шаҳрида қад ростлаб турган Аҳмад Яссавий мақбараси фикримиз далилидир. Бу мақбара соҳибқироннинг амри билан барпо этилган.

Шу ўринда тарих фанлари доктори Ашраф Аҳмедовнинг қуйидаги фикрларини келтириб ўтсак: «Темур минг-минглаб олиму меъморларни ўз пойтахти Самарқандга йўллаб, уларга ҳурмат ва эъзоз кўрсатиб, эркин ижод учун шароит яратиб бериб, фан ва маданият юксалиши учун жонбозлик кўрсатган бўлса, Чингизхон босиб олган барча йирик шаҳарларидан, маданият марказларидан 2 миллионга яқин энг зўр уста, ҳунарманд ва олимларни ўз пойтахти Қорақурумга олиб кетади. Аммо ўша олим ва ҳунармандлар бирор-бир фойдали ишни амалга ошира олмайди. Чунки саҳро ўртасида жойлашган, ўтов ва капалардан иборат бир «шаҳар» бўлган Қорақурумда ижод аҳли учун ҳеч қандай шароит йўқ эди. Икки миллионга яқин ўз касбининг машҳур билимдонлари, ёрқин истеъдодлар саҳро шароитида бесамар ўлиб кетади. Агар ислом оламида бемисл шуҳрат қозонган Шайх Нажмиддин Кубро, Алишер Навоий томонидан илоҳий сўз соҳиби дея улуғланган Фаридиддин Аттор ҳам Чингизхон қўлида ҳалок бўлганини эсласак, Ҳерман Вамберининг «Темурни Чингиз ила бир сафга қўйиб, уни ваҳший, золим, қароқчи деб атаган кишиларнинг фикрлари икки маротаба хатодир» деган сўзлари кучли асосга эга эканлигига амин бўламиз.

«БАРЧАГА НАФ ЕТКУРДИМ…»

Давлат бошқарувида Темур ўзи амал қилган ўн бир сифатнинг бирида шундай дейди: «Халойиққа раҳм қилдим, барчага наф еткурдим. Бунда бировга ноҳақ озор етказмадим ва мендан ёрдам сўраб келганларни кўкрагидан итармадим».

Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома»сида «Қайси бир подшоҳ
ўз ишини ғаддорлик ва бевафолик асосига қурса, кишиларга озор
бериш ва ҳалок қилишга ошиқса, унинг давлати чайқалиб, қарорсизликка юз тутади. Биз ўз салтанатимизни одамларга эътибор бериш ва уларни ҳимоя қилиш асосига қураётганимиз сабабли уларни юпантириб, хотиржам қиламиз…» дейилган. Бу буюк давлат арбобининг сўзлари эди. «Темур тузуклари»да ҳам шундай сўзлар бор: «Ҳокимлару сипоҳдан қай бирининг халққа жабр-зулм етказганини эшитсам, уларга нисбатан дарҳол адолату инсоф юзасидан чора кўрдим…»

ФОТИҲЛИК ЭМАС, ЮРТ ҲИМОЯСИ УЧУН

Амир Темур юришларининг бош маъносини бир ўйлаб кўрайлик. Масалан, у Туронзамин дахлсизлигининг ашаддий ёвларидан бири Тўхтамишни бир ёқли қилиш учун Евроосиё даштларида шаҳд ила от сурди. Аммо Тўхтамишни ва у бошлиқ Олтинўрдани тор-мор этгач, улуғ саркарда от жиловини қадимги Рус ва Украина чегараларидан орқага бурди. Чунки асосий мақсадига эришган эди. Уни Туронзамин дахлсизлиги қизиқтирар эди. Ёки у Боязидга қарши юриш қилди. Бу ўринда яна тарих далилларини эслайлик: султон Боязид Туронзамин душмани Тўхтамишхонни ўз ҳимоясига олган эди. Бундай қилмасликни сўраб соҳибқирон бобомиз йўллаган мактубларга эса Боязид менсимай қаради. Унинг элчиларини ранжитди, жавоб мактубларида унинг шахсиятига, ор-номусига путур етказадиган киноя, кесатиқ ва ҳатто дўқ-пўписалар қилди. Бобокалонимиз барибир ўзини вазмин тутиб, охирги дипломатик чора-тадбирларни кўрди. Булардан ҳам иш чиқмади…

Охири Амир Темур султон Боязид устига қўшин тортди. Боязид
енгилди. Амир Темур учун Европага йўл очилган эди. Аммо у от
жиловини тағин ортга бурди. Нега? Чунки она ватани – Туронзаминга ғарбдан хавф солиб турган таҳликани бартараф этди. Бўлди, унга яна нима керак?

«ОЛТИН АСР» БУНЁДКОРИ

Амир Темур Туронзаминни нафақат дахлсиз сақлади, балки уни
ер юзининг қудратли, обод ва фаровон салтанатига айлантириш йўлида ҳам оламшумул хизматлар қилди. Бежиз дунё тарихчилари Амир Темур даврини «олтин аср» деб баҳолашмайди. Бу заминда бунёдкорлик, ҳунармандчилик, маданият, илм-фан, иқтисодиёт мислсиз гуллаб-яшнади. Темур ва темурийлар даврида барпо этилган бетакрор тарихий ёдгорликлар ҳамон миллат бойлиги сифатида эътироф этилади.

Қадимий халқлар эмас, ўз ўтмишини авайлаб-асраганлар мангуликка дахлдор. Шуни унутмаслик керакки, ҳар бир халқ ўз тарихини билмай, унинг моҳиятини тушунмай, ўз томирига назар солмай туриб ўзлигини тўла англаб етолмайди. Келажак режаларини тузишда, тўғри йўлни бехато аниқлашда бу жараёнлар муҳим
аҳамият касб этади. Амир Темур эса халқимиз даҳосининг тимсоли, маънавий қудратимиз рамзидир. Амир Темур сиймоси инсонийликнинг энг юксак чўққисида турадики, буни ҳар бир ватандошимиз учун ҳар қанча намуна қилиб кўрсатсак арзийди.

Бугун янгиланаётган Ўзбекистонда улуғ мақсадларни олдимизга
қўйганмиз. Уларнинг рўёби учун ҳам соҳибқирон бобомиз сингари улуғ аждодларимизнинг буюк меросини ўрганишимиз зарур.

Норбўта ҒОЗИЕВ,
«Huquq»