Муаммога даҳшатли ечим

16:00 - 08.04.2021

6

Бухорода вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишига доир қонунларнинг ижроси вилоят прокуратураси томонидан мунтазам таҳлил қилинганда, қатор камчиликлар аниқланди. Хусусан, психологлар фаолиятини такомиллаштириб бориш, таълимда психолог хизматининг самарадорлигини ошириш тизими тўғри йўлга қўйилмаган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқлар ривожланиши билан ўсмирлар муттасил равишда виртуал ҳаётга боғланиб қолаётгани сир эмас. Аксарият ҳолларда болалар муаммоларини ўрганишда психологлар умумийлик тамойили асосида ишни ташкил қилади. Аммо вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳар бир муаммо индивидуал тарзда ўрганилса, муаммоларга тез ва аниқ  ечим топилади.

Вилоят халқ таълими тизимидаги муассасаларда фаолият кўрсатаётган 989 нафар психологнинг 107 нафари номутахассис, 433 нафари 1 йилдан 3 йилгача  иш тажрибасига эга, холос.

Сўнгги 5 йилда вилоятда 121 та бола ўз жонига қасд қилиб, 98 нафари вафот этган. Жонига қасд қилаётганларнинг 55 фоизи қизлар! Болалар ўзи билан юзага келган муаммоларни шу орқали ҳал этмоқчи бўлаётгани ҳар бир ота-онани, ўқитувчини, ҳар биримизни ҳушёрликка чақириши керак.