Эътирофга муносиб

13:30 - 08.04.2021

8

Бугунги кунда юртимизда фаолият олиб бораётган босма даврий нашрларнинг ҳақиқий аҳволи кўпроқ биз – соҳа вакилларига аён. Албатта, мутасаддилар ҳам вазиятдан бехабар эмас. Муаммолар бор, ечими изланмоқда ва иложи ҳам топилаяпти…

Хуллас, журналистларнинг иш жойини, таҳририят деб аталмиш зиё масканини, ўз анъанаси ва ўқувчиларига эга нашрни сақлаб қолиш мақсадида сидқидилдан меҳнат қилаётган барча ҳамкасбларга раҳмат.

Одатда иш кунини бирон-бир даврий нашрнинг янги сонини варақлаш билан бошлайман. Таҳририятлар ўз нашрини жозибадор қилиш учун қандай янги рукнлар, услубларни қўллаётгани ёки дизайн борасидаги ўзгаришларни кузатаман. Айниқса нашрларнинг тиражига қараб қўяман. Кейин навбат эътиборимни тортган мақолаларга…

Куни кеча газеталар мутолаасини мамлакатда яқинда таъсис этилган ҳукуматнинг марказий нашридан бошладим. Ҳукуматнинг расмий хабарлари, эълон қилинаётган қонун, фармон ва қарорларни кўпроқ шу манбадан кузатиб бораман. Одатимга кўра нашрнинг тиражига назар солдим. Аввалига тираж кўрсаткичи хато босилгандир деган шубҳа уйғонди. Нашрнинг навбатдаги сони келганида тираж борасидаги шубҳа йўққа чиқди.

2021 йилнинг 30 март санасида 11453 нусхада чоп этилган газетанинг бир-икки суткадан сўнг, яъни 3 апрель сони 79078нусхада босилгани бир тарафдан кишини ҳайратлантирса, иккинчи томондан соҳадаги бундай ўсиш қувонтиради. Мана, бўларкану!..

Нашрнинг тиражидан унинг иқтисодий аҳволини тушуниб олса бўлади. Тираж – иқтисодий кўрсаткич. Тиражи катта нашрлар таҳририятларида молиявий мувозанат сақланади. Асосийси, ходимларнинг таъминотида муаммолар вужудга келмайди. Юқоридагиларни яхши тушуниб етган «Янги Ўзбекистон» газетаси мутасаддилари бу борада ишни ўнглаб олишгани маълум. Саъй-ҳаракатда газетанинг муассиси ҳам бир чеккада турмаган кўринади.

Демак, босма нашрлар кечанинг сарқити, газеталар қизиқарли эмас ва мажбурий обуна борасидаги гаплар ҳамон ўринсизлиги билиниб қолди. Фуқароларимиз орасида газетага қизиқувчи, доимий ўқувчилар борлиги яна бир бор намоён бўлди. Айниқса, фаол фуқароларимиз орасида ҳукумат нашрига қизиқиш ортаётгани юртдошларимизнинг сиёсий фаоллиги ошиб бораётганидан далолат эмасми?