Болангизга қанча пул берасиз ?

11:00 - 08.04.2021

16

Машҳур адибимиз Абдулла Қодирийнинг ўғли Ҳабибулла Қодирий «Отам ҳақида» асарида қуйидаги воқеаларни келтириб ўтган.

– Ада, менга китоб олишга пул керак.
– Хўп, қанча?
– …
– Яхши, – дерди ва сўраганимни берарди. Кечқурун чақириб сўради:
– Китоб олдингми?
– Олдим.
– Қани, келтир.
У китобларнинг муқовадаги баҳосини ҳисоблаб чиқарди.
– Қолган пул қани?
Дадам менга фақатгина музқаймоқ олишга рухсат берар, қолганини қайтариб оларди. Мактабга кетишимда ҳам пулни ўлчовли, трамвайга ва бир-икки стакан сувга лойиқ берарди. Пешинлик овқатни-ку уйдан жилдимга солиб олишимни буюрарди. Дадамнинг қаттиққўл бўлишидан бибим гоҳо ранжир эди.
– Жуда болага меҳринг қаттиқ, Абдулла…
– Гап қаттиқликда эмас, ойи, пулга ўргатмасликда, пул болани бузади… – дерди отам.
У киши кийим-кечак важидан ҳам бизни ортиқча сийламас, эл қатори кийинтирар эди. Бир вақт, ҳали теварагимизда расм бўлмаган чоғда, мен велосипед ҳавас қилиб қолдим. Табиий, велосипед олдиришга бибимни воситачи қилдим. Шунда дадам деди:
– Велосипед олиб беришга
оқчам бор, лекин олиб бермайман…
– Нега, болам?
– Айтинг-чи, ойи, ён-веримизда кимнинг боласи велосипед минаётир?
– Биров билан нима ишинг бор?
– Тушунмайсиз… Кўпчилик билан баробар бориш керак. Ҳабибулла велосипед минса, бошқа болаларнинг кўнгли ўксийди, қўшнилар уйида жанжал бўлади, сизу мендан улар ранжийдилар…
Юқоридагиларни ўқиб ўйга толдим. Бу воқеалар йигирманчи асрнинг ўрталарида бўлиб ўтган.
Аммо жудаям тарбиявий аҳамиятга молик воқеа. Абдулла Қодирийдан ўрнак олиб ҳар бир сўмимизни болаларга ўлчаб берганимизда эди, айрим ота-оналар «болам шўх, пулга ўч» дейишмасди.
Шундай ота-оналар борки, қўни-қўшниларга кўз-кўз қилиш учун ҳам боласига турли хил ўйин чоқлару истаган нарсаларини олиб беришади. Атрофдагиларга эътибор ҳам бермайди.
Қўшниларнинг болалари эса бу тантиқ болаларга ҳаваси келиб, ота-онасига «менга ҳам олиб беринг» дея хархаша қилади.
«Болани пулли ҳам қилма, пулсиз ҳам қўйма» дейишади. Мактабга борадиган ўғлим пул сўраб қолди.
– Пул нимага керак, болам? – дея ажабланиб сўрадим.
– Музқаймоқ олиб ейман.
– Хўп, мана, – дея икки минг сўм узатдим.
– Ие, бу етмайди, – дея ўғлим норози бўлди. – Ахир Алишер ўртоғим «Бомба» музқаймоғидан олиб ейди. У саккиз минг сўм туради.
– Мундайроғидан олиб есанг нима қипти? – жаҳлим чиқади унинг эркалигидан.
Ўғлим лом-мим демайди.
Чунки агар бу пулни ҳам олмаса, онаси унга бошқа пул бермаслигини ҳам билади-да.
Дугонамникига борсам, болалари отасининг атрофини ўраб олганича ҳадеб пул сўрашаяпти.
Отаси ҳам эринмасдан уларга пул тарқатаяпти. Бундан ажабландим.
– Дугона, болаларингиз пулни нима қилади?
– Билмасам, кўчага чиқишиб, бирон нима сотиб олса керак-да, – дея бепарволик билан жавоб
берди у.
У ҳатто турмуш ўртоғи нима учун болаларга пул бериб юборганига қизиқмади ҳам.
Аслида болага пул нима учун керак?
Болага пул бериб уни ёмон ўргатиб қўймаяпмизми? У пулнинг қадрига етадими? Қандай сарфлашни биладими?
Менинг назаримда болага фақат бир кунлик эҳтиёжи учунгина пул бериш лозим.
Ҳар бир ота-она фарзандига меҳнат қилиб пул топаётганини уқтириб, бу пулни қандай сарфлашни ҳам ўргатиб бориши керак. Бу ҳаёт мактаби бўлади.
Пулга ўрганиб қолган болалар, тўғрироғи ота-онасининг
эркатойлари, кейинроқ улардан каттароқ миқдордаги пулни
сўрайди. Чунки кўчадаги маишати учун пул керак бўлади. Агар
ота-она бермаса, ўз уйидаги пулдан ўғирлайди. Ота-она эса пуллари қаёққа кетаётганини билолмай ҳайрон бўлиб қолаверади.
Аммо айрим одобли болалар борки, худди биров ўргатиб қўйгандек ота-онаси дўконга ёки бозорга юборишса, қайтимини қайтариб беришади. Ота-она кўп ҳолатларда бу қайтимни боланинг ўзига беради.
Болани саратоннинг жазирамасига, қишнинг изғиринига, ҳаётдаги ҳар қандай қийинчиликларга бардош берадиган қилиб чиниқтириб бориш лозим. Шундагина у ота-онасининг меҳнатининг қадрига етадиган бўлади.
Болага пул бериш керак, аммо ҳисоб-китоб қилиб. Чунки ортиқча пул уни ёмон йўлга етакловчи душмандир.

Хонбиби ҲИММАТ қизи,
журналист