Арзон, хавфли колбасалар

14:30 - 07.04.2021

6

Колбасанинг тури кўплигидан қай бирини танлашни билмайди киши. Сотувчилар шундай пайт «ейишгами ёки бирор йиғингами?» деб ёрдамини аямайди. Агар “уйга” десангиз, нархи 25 мингдан юқорисини олишни тавися этишади. Аммо килоси 15 минг сўмлик колбасалар ҳам бор. Бир гал сотувчининг “Агар буям қимматлик қилса, 11 минг сўмлигини кўринг. Кўп олсангиз нархини яна тушириб бераман”, дегани таажжубга солди. Қизиқ, бир килограмм гўштнинг нархи 60-70 минг сўм бўлиб турган пайтда битта колбаса 11 минг сўмдан ҳам сотиладими?

— Шу дамда сотувчининг хотиржамлиги ҳайратимни оширди, — дейди департаментнинг Зангиота тумани бўлими бошлиғи А.Сайдавутов. — Ундан бу колбасалар нима учун арзонлигини сўрадим, у эса елка қисди ва «Бизга ҳам олиб келиб беришади, ҳужжатлари бўлса керак» деди. Шундан сўнг колбаса ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар билан суҳбатлашдик. Улар таниқли ёрлиқларни сохталаштириб, қонунга хилоф равишда колбаса ишлаб чиқарувчи яширин цехлар бўлиши мумкинлигини айтишди. Бу борада ўтказилган суриштирув жараёнида калаванинг учи топилди.

2020 йилнинг октябрь ойида департаментнинг Зангиота тумани бўлими ходимлари ўтказган тадбирда ҳеч қандай ҳужжатсиз истеъмолга яроқсиз колбаса ишлаб чиқариб сотаётган шахс ушланди.

Маълум бўлишича, Шомурод Муродов (исм-фамилияси ўзгартирилган) Зангиота туманидаги маҳаллалардан бирида яширин цех ташкил қилиб, «Сервелат», «Краковская» ҳамда «Докторская» ёрлиқлари билан хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган колбаса ишлаб чиқараётган экан. Тадбир давомида Ш.Муродовнинг яширин цехидан 452 дона колбаса ва 504 килограмм гўшт ашёвий далил сифатида олинди.

Судга оид гигиена экспертизасининг хулосасига кўра ашёвий далил сифатида олинган гўшт истеъмолга яроқсизлиги, колбаса эса амалдаги меъёрларга умуман тўғри келмаслиги ва инсон соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани судида кўриб чиқилиб, Ш.Муродовга нисбатан ҳукм эълон қилинди.

Бозорда сотувчи ўз молини имкон қадар қимматроқ сотиб, кўпроқ фойда олиш пайида бўлади. Харидор эса ҳам арзон, ҳам сифатли маҳсулот олишдан манфаатдор. Лекин сифатли маҳсулот ҳар доим ҳам арзон сотилавермаслигини ёддан чиқармайлик.