“Пулингизни емаганман, маҳаллага ишлатганман…”

10:30 - 07.04.2021

6

Қўшни аёлларнинг «маҳалла идорасида сизга ўхшаган жонкуяр аёллар ишлаши керак» деган тилаклари рўёбга чиқадиганга ўхшаб қолди. Маълумотнома зарур бўлиб борганида маҳалла раиси Жамилахон опа (исм-фамилиялар ўзгартирилган) гапнинг учини чиқарди.

– Оила, хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосар лавозими бўш, сизни ишга олишимиз мумкин, – деди ва шартларини ҳам  қистириб ўтди.

– Уйдагилар билан маслаҳатлашиб кўрай, – деди Рисолатхон жон деб турса-да, сир бой бермай.

Турмуш ўртоғи Абдусаттор Жамилахон опанинг шартларига кўнди. Маҳалла биносини таъмирлаш учун 2 млн. сўм пулни Рисолатхон раисга келтириб берди. Хоналарни усталар беш кунда таъмирлашди. Раиснинг гапини икки қилмай Рисолатхон хоналарга палос ҳам солиб қўйди. Жамилахон опанинг лафзига ишониб таъмирланган идорада астойдил ишга киришди. Бир ой ишлади, бироқ буйруқ чиқмади. Раис туман ҳокимининг ўринбосарига бериши лозимлигини уқтириб, тағин 2 млн. сўм олди. Орадан уч ой ўтди. Ишга олингани ҳақидаги буйруқдан дарак йўқ эди. Рисолатхон ҳоким ўринбосарига учради-ю алданганини англади. Пулини қайтариб ололмагач, департаментнинг Риштон тумани бўлимига учради. Жамилахон опадан тағин пулини қайтариб беришни талаб қилди. «Эрим остин-устун қиламан деяпти, ҳеч бўлмаса 100 доллар бериб туринг, қолганини бўлиб-бўлиб берарсиз» деди. Қўлида ишлайдиган Ёқутхондан сўраб олган 100 АҚШ долларини Рисолатхонга берган чоғида ушланган Жамила опа айбини қисман тан олиб, сувдан қуруқ чиқишга уриниб кўрди.

Судда унинг иш таклиф қилиб Р.Жалиловадан алдаб пул олмагани, пора беришга ундамагани, унинг ўз ихтиёри билан берган пули маҳалла учун сарфлангани ҳақидаги важларига танқидий баҳо берилди. Ишдаги далиллар, гувоҳларнинг кўрсатувлари билан Риштон тумани Қози Аҳрор маҳалласининг собиқ раиси Ж.Сўпиеванинг фирибгарлик, пора беришга ундашдан иборат айби исботланди. У етказилган зарарни тўлиқ қоплади ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиши баробарида базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баробари миқдорида жарима тўлайдиган бўлди.