Рашкми ёки?..

17:00 - 07.04.2021

14

– Бу номердан сенга ким телефон қилди?
– Билмасам, отаси, қайта қўнғироқ қилинг-чи, адашгандир-да.
Аёл бундай саволларга ўрганиб ҳам қолганди. Эри ҳар куни
ишдан қайтгач телефонини титкилайди. Арзимаган баҳона топиб
жанжал қилади. Бир куни «Нега ота-онанг билан ҳар куни гаплашасан? Уч кунда бир гаплаш» дея ўдағайлади. Бундан Нигоранинг сабр косаси тўлган эди. Эрининг бу қилиғига ҳеч тушунмасди. «Бўлди, етар, бошқа чидай олмайман» – бу сўзларни иккинчи марта юраги хуруж қилганида ўзига-ўзи айтди. Икки ўғли билан ота уйига кетди. «Қачон шу ишончсизлигини йўқотади, кейин келаман» деб ният қилди.

Рашк ҳақида ҳар ким турлича фикр юритади. Кераксиз рашк оқибатида неча-неча оилалар пароканда бўлмоқда. Бу туйғу ҳақида психолог нима дейди?
– Рашк аслида болалигимиздан бошланади. Масалан, оилада иккинчи бола дунёга келса, каттаси ота-онасини укасидан қизғанади. Шунинг учун тўнғич фарзандларда рашк кучли бўлади. Статистикага эътибор қаратсак, аёллар эркакларга қараганда рашкчироқ. Уларда асосан 30 ёшдан кейин рашк деган туйғу кўзга ташлана бошлайди. Эркакларда эса бу ёшда рашк ўз кучини йўқотади. Чунки улар ижтимоий ҳаётга киришиб кетади. Яъни «мен ҳам машина олишим, янги уй қуришим керак» деган хаёлларга берилиб, рашкни бироз ёдидан чиқаришади. Шу ўринда таъкидламоқчиманки, турмуш ўртоғингизнинг телефонини кавлаб, унинг ҳар қадамини текширишда давом этсангиз, соғлиғингизга зарар етказаётган бўласиз. Рашкнинг ҳам меъёри бор. Фарзандларингизга кўпроқ эътибор қаратинг. Билингки, агар ҳозир сиз уларга етарли меҳрни бермасангиз, бир кун келиб улар ҳам отаси сингари рашкчи бўлиб улғайишади, – дей ди психология
фанлари номзоди Шириной Мус тафоева.

Фарғона шаҳар «Жўйдам» жоме масжиди имом-хатиби Баҳром Турсуновнинг рашк ҳақидаги фикри билан қизиқдик.
– Рашк аслида шерикчилик мумкин бўлмаган нарсага шерикчилик қилиш оқибатида ҳақ эгасининг ғазаби қўзишини англатади, – деди Баҳром Турсунов.
– Кўпроқ эр-хотиннинг бир-бирини бошқалардан қизғанишини рашк
деб аташ одатга айланган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)
марҳамат қиладилар: «Албатта, Аллоҳ таоло рашк қилади. Мўмин банда Аллоҳ унга ҳаром қилган нарсани қилишига Аллоҳ таолонинг рашки келади» (Имом Бухорий ривояти). Аллоҳ таоло жуфтларга рашкни бир-бирларидан кир ахтариш учун эмас, балки бир-бирларини ўзи ҳаром қилган нарсалардан ва ишлардан сақлашлари ва огоҳ бўлишлари учун берган. Эр-хотин оилада, хоҳ у шахсий, хоҳ оилага тегишли муаммо бўлсин, ҳамжиҳат бўлса, икки киши бир-бирига кераклигини ва муҳтожлигини ҳис қилиб яшаса, ўртада ишонч ва мутаносиблик пайдобўлади. Бунинг натижасида рашк ҳам ёқимли туйғуга айланади. Бу таомга солинадиган тузга ўхшайди: туз умуман солинмаса ёки оз солинса, ейиш ноқулай, кўп солинса ҳам еб бўлмайди. Демак, келиб чиқадики, инсонда мўътадил, соғлом рашк бўлиши керак.

Рашк икки жуфтнинг ўртасида кечадиган ҳислар самимий ва аслича бўлиши учун керак. Тасаввур қилинг, бир-бирига аслида ишонмайдиган ва шубҳа билан қарайдиган икки киши ўртасида қандай рашк бўлиши мумкин? Кундалик ҳаётимизда турли жанжалларга сабаб бўлаётган низолар, икки тарафнинг бир-бирини турли бўлмағур ишларда айблашлари, аёл эрини ҳурмат қилмайдиган, эркак аёлини эъзозламайдиган муносабат рашкми? Асло! Бу аслида оилада ўз ўрнини йўқотган эркак ва аёлнинг рақобатига, бир-бирига ким зўрлигини кўрсатиш борасидаги мусобақага ўхшайди. Муҳими, бир ёстиққа бош қўйган инсонингизга ишонинг. Шунда барча муаммоларнинг ечими топилади.

Шоҳсанам ЭШМАТОВА,
журналист