Оқ ниятга қинғир йўлдан борилмайди

10:30 - 06.04.2021

7

Оилали, ёш болали О.М. олий таълим даргоҳида ўқиб шифокор бўлишни ният қилди. Яқинлари болангга қараймиз деб қўллашади.  Институтга ҳужжат топширди, бироқ тестда етарли балл ололмади. Танишларидан қўшни Қирғизистоннинг Ўш давлат университетига ўқишга кириши мумкинлигини билиб олади. Улар тавсия қилган киши – Андижон давлат тиббиёт институтини битириб, Қўштепа туманидаги  қишлоқ поликлиникасида ишлаётган Н.Ё. билан телефонда боғланди. Марғилон шаҳрида кўришганларида у Ўш университетига 1600 АҚШ доллари эвазига ўқишга киритиб қўйиши мумкинлигини айтади. Бироқ кейин  «отам касал,  даволатаяпман» дея аёлнинг қўнғироқларига жавоб бермай қўяди. Галдаги СМС хабарига жавобан ўқишга киритиб қўйиши мумкин бўлган одамнинг телефон рақамини ёзиб жўнатди.

О.М. қўнғироқ қилиб Ж.З.га ўзини таништирди. 

– Ўш университетининг тиббиёт факультетида ўқимоқчиман, шу  масалада ёрдам берсангиз, – деди.

– Ҳал қиламиз, Андижонга келинг, – деди Ж.З. – Коллеж дипломи, паспорт нусхаси, учга тўрт ўлчамда тўрт дона суратингиз, 1350 доллар ва 500 минг сўм олиб келинг. Қолганини кўришганимизда гаплашиб оламиз.

О.М.нинг дилига шубҳа оралади. «Тўғри иш қилаяпманми, охири вой бўлса-чи, телевизорда фирибгарларга алданиб қолмаслик ҳақида кўрсатувлар берилаяпти…». О.М. департаментнинг Марғилон шаҳар бўлимига ўқишга киритиб қўйиш эвазига пул талаб қилаётган шахсга чора кўришни сўраб мурожаат қилди. Тезкор тадбир аввалида аёл  Андижон шаҳрининг Ўзбекистон кўчасидаги бинода Ж.З. билан кўришди.

– Ўш давлат университетининг тиббиёт факультетига ўқишга кириш учун онлайн регистрация қилинади, – деб тушунтирди у. – Ўқишга кириш пулли. 1250 доллар ректоратга, 500 минг сўм консультация шартномасига берилади. 100 долларни эса мен хизматим учун олиб қоламан.

О.М.дан пулни олиб санаётганида тезкор гуруҳ ходимлари томонидан ушланган Ж.З. Андижон давлат тиббиёт институтининг 5-курс талабаси бўлиб чиқди. Ўш университетида таниши йўқлиги, пулни ўз эҳтиёжига сарфлаш учун алдаб олганини айтиб астойдил пушаймон  бўлди.

Гувоҳ сифатида сўралган Қўштепа қишлоқ поликлиникаси шифокори Н.Ё. дарҳақиқат юқори курсларда ўқиганида абитуриентларга консультация берганини таъкидлади.

– Пул эвазига ўқишга киритиб қўйишга ваъда бериб, нотўғри иш қилаётганимни тушуниб, О.М.нинг қўнғироқларига жавоб бермай қўйдим, – дея давом этди у. – Судланувчи Ж.З.ни танимайман,  ҳадеб СМС ёзаверган О.М.га  Қирғизистонда ўқишга ҳужжатлар тайёрлаймиз деб ёзилган рекламадаги телефон рақамини бергандим.

Дили пок шифокорнинг қўлида бемор шифо топади. Кўнгли кир, ҳали ўқишни битирмай, иш бошламай туриб бошидан мағзава тўкиб олган бўлажак врачдан нимани кутиш мумкин? Беморда йўқ касалликни «топиб», даволаш учун бор будини шилиб олаётган  ноинсофлар сафига қўшиладими? Ҳаром луқма татимайди. Суд жиноятчига қилмишига яраша жазо тайинлади.