Навоий издошларига ярашмаган қилиқ

13:30 - 06.04.2021

9

«Ўғлим Алишер боғчада рус гуруҳида тарбияланди, ҳозир рус мактабида ўқияпти. Унга ўзбекча гапирмаймиз, уйда фақат русча гаплашамиз. Талаффузи бузилмасин деймизда!». Бир таниш аёлнинг шу гаплари мени ўйлантириб қўйди. Ахир ўзбек бўлсанг, болангга Алишер деб исм қўйсангу унга ўз тилингни ўргатмасанг, ўзбекча гапиртирмасликка уринсанг, ғалати туюларкан…

Алишер Навоий тилимиз ривожи учун бир умр курашган, унинг ифода имкониятларини мукаммал даражада исботлаб берган. Навоийнинг бу каби хайрли ишлари беҳисоб. Шу боис ҳам у миллат ўғлони, юртнинг мангу қаҳрамони. Алишер исмининг ўзбек хонадонида туғилган ўғлонларга энг кўп қўйилишида боламиз шу буюк зотга ўхшасин, у каби халқпарвар бўлсин, юртини, миллатини севсин деган эзгу ният бор. Ниятда-ку қусур йўқ. Аммо Алишер Навоий бир умр тараққиёти учун курашган тилимиз масаласига келганда нима сабабдандир у зотнинг аъмолига зид иш тутамиз. Шуниси ажабланарли…

МЕНИНГ БОЛАМ САВОДСИЗ ЭМАС!

«Facebook» тармоғида бир машҳур (ёзувчи!) юртдошимиз набирасининг рус мактабига 1-синфга чиққанини, бу ишни у ўзбек тилига беҳурматликдан эмас, балки «рус синфларида таълим сифати юқорилиги, ўзбек синфига борган бола саводсиз бўлиб қолиши хавфи борлиги» билан изоҳлади. «Менинг болаларим ўзбек синфига боради ва улар саводсиз эмаслар!» деб аччиқланиб изоҳ қолдирдиму, ўзбек тилида ижод қилиб, шу тил ортидан шуҳрат топган, бир пайтлар халқ дардини кўтариб чиқиб ҳурматимга сазовор бўлган бу инсонга ихлосим ҳам сўнди. Ахир тил учун толмас курашчилар, жонкуярлар, дардига дармонлар биринчи галда шулар бўлиши керак эмасми? Тил равнақи учун асосли таклифларни илгари суриш, бошқаларни шу мақсад йўлида руҳлантириш, тилни севишни тарғиб қилиш ўрнига ёзғириш, боламни ўзбекча ўқитмайман деб баралла айтиб ўтириш, менимча, Навоий издошларига ярашмаган қилиқ.

Аммо яширишнинг ҳожати йўқ – бугун аксарият мансабдорларнинг боласи-ю набираси рус мактабида ўқийди. Минбарлардан туриб «Қачон она тилимиз бағрига шамол тегади?», «Тилимизни биз кўтармасак, унинг қаддини ким тиклайди?», «Нега саводсизлик гуркираб кетаяпти?» қабилидаги ўтли шиорлар, оташин саволлар билан кўкрагига муштлайдиган мен таниган аксарият олиму амалдорларнинг болалари рус мактабларида ўқишади.

21 октябрь арафасида бундайлар жонланиб қолишади. Шунда қани энди шу шиорларга аввало уларнинг ўзлари амал қилишса дейман. Шундай бўлганида бугун тилимиз тақдири мутлақо ўзгача бўлар эди. Зеро, юртнинг зиёлилари, амалдорлари оддий халққа доимо ўрнак. Модомики, тилга эътиборсизлик оқибатини бошқалардан кўра теранроқ кўра оладиган кишилар фарзандларининг ўзбекча гапиришини истамас экан, қолганлардан нимани кутиш мумкин?!

«ПЕШОНАСИ ЯРАҚЛАСИН ДЕБ…»

Маълумотларга кўра, пойтахтимизда рус тилида таълим берувчи мактабларнинг 80 фоиз ўқувчиси ўзбек ўғил-қизлари. Нега бундай мактабларга талаб кучли? Масалан, Н.Қобилова исмли аёлнинг уч боласидан биронтаси ўзбек мактабига бормас экан. Ундан бунинг сабабини сўрадик.

– Чунки эр-хотин икковимиз ҳам ўзбек мактабида ўқиганмиз, институтни ўзбекча тамомладик, – дейди аёл. – Рус тилини билмаслик бизга жуда қимматга тушган. Катта идораларга ишга чақиришганида русча эркин сўзлаша олмаслигимиз, бехато ёза олмаслигимиз бизга панд берган. Шу боис болаларимизни рус мактаб ларида ўқитаяпмиз. Биз етиша олмаган мақсадларга улар етишсин.

Бу аёлнинг мақсади қанчалик эзгу бўлмасин, ўз доирасида қолиб кетгандек. Мақсадни улкан олиш – Учинчи ренессансга пойдевор қўйилаётган айни кунларнинг бош мезонига айланиши даркор. Бугунги мақсадларимиз оила қобиғини ёриб чиқмас, жамият, миллат келажагини қамрамас экан, натижалар кўзни қувонтириши даргумон.

Яна бир аёл Д.Бекчанова – ўқитувчи, у ўзбек мактабда инглиз тилидан дарс беради, аммо болаларининг ҳаммаси рус мактабига қатнайди. Бунинг сабабини аёл «рус тилини яхши билмайдиганлардан катта одам чиқмайди» деб изоҳлади. Аёлнинг айтишича, юртимиздаги масъул лавозимларда ишлаш учун ўзбек ва инглиз тилларидан кўра кўпроқ рус тили керак бўлади, минг билимли, кенг тафаккурли бўлаверсин, русчани билмайдиган кадрнинг пешонаси ярқирамайди.

Тўғри, битта тил билган – бир инсон, икки тил эгаси – икки инсон дейишади. Тил билиш кишига доим манфаат келтирган. Аммо бу манфаат ўз она тилингни билмаслик эвазига келса, бундан оғири йўқ. Ахир она тилимиздан буткул узмасдан ҳам болага хориж тилларини пухта ўргатиш мумкин-ку?!

Масаланинг ташвишли жиҳати эса – бошқа тилда таълим-тарбия олган одам мансаб пиллапояларидан минг юқориламасин, 30 йилдан бери қаддини тиклолмай келаётган она тилимизга қандай дармон топади? «Тилга эътибор – элга эътибор» деганларидек, она тилини билмайдиганлар мамлакат равнақи, халқ фаровонлиги учун қандай ҳисса қўшаркин? Ўзи билмаган одам она тилини фарзандларига ўргатармиди? Агар шундай бўлса, бутун бошли авлод ўз тилини унутиб юбормайдими?..

Она тили бешикданоқ юрагимизга сингади, унга муҳаббат – жаҳонга тобора танилиб бораётган Ўзбекистонга муҳаббат, унга ҳурмат – ота-болаларимиз хотираси-ю авлодларимиз келажагига ҳурматни белгилайди.
Бугун она тилимизга муносиб ҳурмат кўрсатиб, эртаси ҳақида қайғурмасак, болаларимизни она тилидан жудо қилсак, эртага нима бўлишини ўйлаш ҳам қўрқинчли…

МАШАҚҚАТЛИ УЗУН ЙЎЛ

Инсон икки йўл қаршисида қолганда машаққатли, сабр ва матонат талаб этадиган йўлдан юрмасликка интилади. Менимча, бугунги зиёлиларимиз ана шундай машаққатли ва узун йўл қаршисида чўчимасдан, марди майдон бўлиб чиқишлари, ўзбек мактабларида таълим сифатини ошириш, она тили тараққиётини таъминлаш учун астойдил курашишлари, бу борада ўрнак кўрсатишлари керак. Акс ҳолда кўкракка муштлаб, «она тилим – жону дилим»лайверган билан масала ҳал бўлиб қолмайди.

Юлдуз ҲОЖИЕВА,
«Huquq»