“Менга қоладигани бор-йўғи 100 доллар, ака…”

15:30 - 06.04.2021

8

Шофирконлик Отамурод Нозимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўғлини ўқишга киритмоқчилигини эшитган Баҳром Неъматов бир йўлини топиб О.Нозимов билан учрашди.

– Эшитишимча, ўғлингизни ўқишга қўймоқчи экансиз.

– Ҳа, шунақа, – гапга чечан йигит олдида боладек ишонувчан кўзларини унга тикди. – Энди, биласиз, ўқиса  дейман-да…

– Бухоро муҳандислик-технология институтида Россиянинг Томск давлат университети филиали бор. Ўша ерга қўйсак, сиртдан ўқийди, олдингизда бўлади, – деди ишонч билан Б.Неъматов.

– Жуда яхши бўларди, – деди ота қувончини яширолмай.

– Харажатларидан қочмасангиз…

– Қанча экан?

– 3000 АҚШ доллари.

– Йўғ-э, менда бунча пул йўқ.

– Бўпти, 2500. Бундан менга қоладигани 100 доллар, ака. Олдиндан  1000 тасини келтирасиз. Қолган 1600 тани ўқишга кирганидан сўнг берасиз…

Аслида ўқишга киритиш учун ҳеч қанақа таниш-билиши йўқлигини, бу пулни алдаб олгандан сўнг кредитини тўлашни ўйлаган Б.Неъматов ўлжасига эга бўлишга шошиларди.

Айтилган кун келишувга биноан учрашаётганларида вазият тамоман ўзгариб кетганидан бехабар фирибгар Шофиркон – Вобкент йўли ёқасида 1000 доллар пулни олиб узоққа кета олмади…

Фирибгарлик борасида анча омади чопиб қолган Б.Неъматовдан ғиждувонлик Бахтиёр ҳам ўқишга киришида ёрдам сўради.

– Ука, бу телефонда гаплашадиган гап эмас. Хўп десангиз учрашиб келишиб оламиз.

Бухоро муҳандислик-технология инстиутидаги танишлари орқали бемалол ўқишга кирита олишига ишонтириб катта-катта ваъда берган фирибгар бу гал ҳам суҳбатдошини ишонтира олганидан хурсанд эди.

Осонгина тузилган келишувга асосан Ғиждувон туманидаги «Шодлик» меҳмонхонаси олдида учрашганда Б.Неъматов ақлли ва ишига пухта эканлигини уқтириш мақсадида Бахтиёрга юзланди.

– Эҳтиёт бўлинг, бу пулни қўлингиз билан ушламанг, ким билади дейсиз?..

Бахтиёр пулни расм солинган конвертга солиб узатди. Бироқ ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими деб таништирган йигитлар уни жиноят устида ушлашди.

Ҳақиқатга рўбарў келганда фирибгарлик ўз аҳамиятини йўқотар экан. Буни ҳар ойлик маошининг 20 фоизини давлат ҳисобига ўтказиш шарти билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган Б.Неъматов энди чуқурроқ англайди.