83 йиллик доғ

10:30 - 05.04.2021

15

Азал-азалдан аждодларимиздан бизгача етиб келган ҳикматга бой бир гап бор: «Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди». Ҳаётда исботини топаётган яна бир фикрни инкор этиб бўлмайди. Адолат ва ҳақиқат қонун устувор бўлган давлатдагина тантана қилади. Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида инсон ҳуқуқлари устуворлиги соҳасида олиб борилаётган сиёсатнинг, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг моҳияти ҳам ана шунда.

Б изнинг ота-боболаримиз қанчалик буюк бўлганини, ҳозирги авлод дунёга танилган улуғ зотларнинг давомчилари эканлигини такрорлайверишга ҳожат йўқ.

Улар биз учун ибрат бўладиган машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтишгани тарихимиздан яхши маълум. Миллат фидойилари разолат, хиёнат каби тубанликлар олдида бош эгмаган, бошида қилич ўйнаб турса ҳам виждонига қарши бормаган, ҳақиқатни гапирган. Узоққа бормай, собиқ СССР давридаги қатағон йилларини эслайлик.

Москванинг жазо машинаси миллатимизнинг фахри бўлган қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига зомин бўлганини эндиликда барча билади. Улар орасида миллат етакчилари бўлган улуғ зотлар қаторида оддий инсонлар ҳам бўлганини ҳеч қачон унута олмаймиз.

Унинг азобини халқимиз узоқ йиллардан бери елкасида кўтариб келаяпти. Қуйида ўтган асрнинг 30-йилларидаги қатағон даҳшатларини бошидан кечирган яна бир жабрдийда ҳақида сўз юритамиз.

2021 йил февраль ойининг 8-куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида судланган Ҳамдам Рустамов устидан қўзғатилган жиноят иши кассация тартибида қайта кўрилди. Ҳ.Рустамов ким ўзи?
Унинг жиноий иши қайси асосга кўра қайта кўрилди? Бу саволларга жавоб топиш учун бироз ортга назар ташлаймиз.

Ҳамдам Рустамовнинг таржимаи ҳоли жуда оддий. У 1882 йилда Қурама районида туғилган (жой ва объектлар номи эски ҳолича келтирилмоқда). Оилали бўлган, Облиқ қишлоғида яшаб, жамоа хўжалигида меҳнат қилган. 1932 йилда Қурама халқ суди ҳукми билан 4 йилга озодликдан маҳрум этилган. Уни таъқиб қилиш
шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Тошкент вилояти суди махсус ҳайъати 1938 йил 1 октябрда Ҳ.Рустамовни ЎзССР Жиноят кодексининг 66-моддаси тегишли қисми билан 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш
ҳақида ҳукм чиқарди. Бундан ташқари, ҳукм билан унинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари, жамоат ташкилотларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларни эгаллаш ҳуқуқи 4 йилга чеклаб қўйилди. ЎзССР Олий суди судлов ҳайъатининг 1938 йил 15 ноябрдаги ажрими билан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди. Мазкур ҳукмда маҳкум К.Нурматовнинг ҳам номи келтирилган, лекин бу алоҳида мавзу.

Хуллас, кўплаб саволларимизга жавоб топиш учун ўша суд ҳукмини варақлаймиз. Унда айтилишича, Ҳ.Рустамов ва К.Нурматов ижтимоий ёт муҳитда ўсган, совет ҳокимиятига душманлик кўзи билан қараган, 1937 йил декабрь ойида Облиқ қишлоқ советига қарашли Ленин номли колхоз(жамоа хўжалиги)да колхозчилар
орасида советларга қарши ташвиқот юритиб, чор ҳукумати режимини мақташган, бу ташвиқот партиянинг ва СССР ҳукуматининг қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш борасида кўраётган чора-тадбирларига қарши қаратилган. Қўйилаётган
айблов аянчли оқибатларга олиб келишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси (ЖПК) 22-моддасига мувофиқ иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона
текшириб чиқилиши керак. ЖПКнинг 455-моддасига кўра эса ҳукм қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шарт. Ҳукм қонуннинг барча талабларига амал қилинган ҳолда ва қонун асосида чиқарилган бўлса, қонуний деб эътироф этилади. Суд ҳукмни фақат суд муҳокамасида текширилган далиллар билан асослайди.

Иш материалларини ўрганишда аён кўринган ҳолат шуки, Ҳ.Рустамов дастлабки терговда ва судда ўзига қўйилган айбловни тан олмаган. Ленин номли колхознинг иккинчи бригадасида мироб бўлиб ишлаганини, 1937 йил рўза пайтида колхозчилар орасида аксилинқилобий ташвиқот юритмаганини, шунингдек, у илгари бригада бошлиғи К.Раҳмонов билан фақат сув туфайли жанжаллашиб қолганини айтган. Судда сўроқ қилинган К.Нурматов ҳам шунга ўхшаш кўрсатув бериб, айбловни инкор этган.

Судда гувоҳ сифатида жалб этилган бригада бошлиғи У.Ҳамидовнинг айтишича, Ҳ.Рустамов даладаги экинни ёмон суғорган, 7 гектар ерга сепилган буғдой майсаси қуриб қолган, 1937 йил кузида Ҳ.Рустамов 72 гектар ерга экинни кузда эмас, баҳорда экишни ташвиқ қила бошлаган, бунинг оқибатида мол-ҳол озуқасиз қолган, колхозчиларни ишлашга эмас, балки намоз ўқишга даъват қилган, оқибатда
колхознинг 250 нафар аъзоси ишга чиқмай қўйган, у колхозда совет ҳокимиятидан норозилигини гапирган. Яна бир гувоҳ – бригада бошлиғи К.Раҳмоновнинг гапларига кўра, Ҳ.Рустамов далага сув
бермай қўйгани туфайли икки гектардаги буғдой майсаси қуриб қолган, экинни кузда эмас, баҳорда экишни колхозчилар
орасида ташвиқ қилган.

Юқорида келтирилган судланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатувлари Ҳ.Рустамов совет ҳокимиятига қарши тарғибот олиб борганига далил бўла олмайди. Иш материалларида Ҳ.Рустамов совет ҳокимиятига қарши чиқишга даъват этиб, ташвиқот ёки тарғибот олиб борганини исботловчи бирорта ҳам маълумот мавжуд эмас.

Дастлабки терговда ва судда иш ҳолатлари тўла-тўкис текширилмаган, аксинча, бир томонлама ўрганиб чиқилган. Хусусан, ишни адолатли ҳал этишга кўмаклашиши мумкин бўлган гувоҳлар сўроқ қилинмаган, ҳужжатлар, ашёвий далиллар талаб қилиб олинмаган, иш учун муҳим аҳамият касб этиши мумкин бўлган тергов ва судлов ҳаракатлари ўтказилмаган.

Чунончи, гувоҳлар У.Ҳамидов ва К.Раҳмоновнинг айбланувчи Ҳ.Рустамов суғоришни охирига етказмагани учун буғдой майсаси қовжираб қолди деган важлари мутахассисларни жалб этган ҳолда уларнинг хулосасини олиш йўли билан текшириб кўрилмаган. Суғоришга бириктирилган бошқа мироблар, ушбу соҳа мутахассислари ёхуд экспертлар сўроқ қилинмаган. Ернинг топографик харитаси ҳамда шу жойдаги сув ҳавзаси, сув миқдори ҳақидаги маълумотлар талаб қилиб олинмаган.

Суд Ҳ.Рустамовни колхозчиларни буғдойни кузда эмас, баҳорда экишга даъват қилишда айбдор деб топса-да, уруғлик қайси сабабларга кўра кузда экилмай қолганига, баҳорги экиш ҳақида ким қарор қилганига аниқлик киритмаган. Афсуски, тахминларга асосланиб чиқарилган ҳукмни ўша даврдаги Олий суднинг судлов ҳайъати ўз кучида қолдирган. Бундай ҳолатларда суд чиқарган ҳукмни қонуний ва асосли деб бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддаси учинчи бандига асосан айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имконияти тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи
ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.

Вақтни ортга қайтариб бўлмайди. Ўша вақтда дастлабки тергов ва суд жараёнларида йўл қўйилган барча хатоларни тузатишнинг имкони йўқ. Ишдаги далиллар эса у советларга қарши ташвиқот олиб
борган деган айбловнинг ҳаққонийлигини исботлаб бера олмайди. Бундай айблов ҳақиқатан мавжуд бўлгани терговда ҳам, судда ҳам ўз исботини топмаган.

Энди ЖПКдаги қуйидаги нормаларга эътибор беринг. Кодекснинг 464-моддаси 2-бандига кўра судланувчи содир этган қилмишда жиноят таркиби бўлмаса, оқлов ҳукми чиқарилади. ЖПКнинг 509g-моддасига мувофиқ кассация инстанцияси суди иш бўйича қабул қилинган барча суд қарорларини бекор қилишга ва ишни юритувдан тўхтатишга ҳақли.

Прокуратура томонидан мазкур жиноят иши ҳужжатлари қонун талаблари асосида синчковлик билан холис ўрганилгач, Бош прокурор ўринбосари томонидан Ўзбекистон Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида протест киритилди.

Судлов ҳайъати протестда келтирилган, Ҳ.Рустамовнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақидаги барча асосли фикрларни ўрганиб, уни қаноатлантириш ҳақида ажрим чиқарди. Ажримда, жумладан, шундай сатрлар бор: «Ўзбекистон ССР Тошкент вилояти суди махсус ҳайъатининг 1938 йил 1 октябрдаги ҳукми ҳамда Ўзбекистон ССР Олий суди судлов ҳайъатининг 1938 йил 15 ноябрдаги Ҳамдам Рустамовга нисбатан чиқарган ажрими бекор қилинсин».

Шу тариқа Ҳамдам Рустамовга ноҳақ қўйилган айб олиб ташланди. Унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги боис Ўзбекистон ЖПКнинг 83-моддаси биринчи қисми иккинчи бандига асосан жиноят ишининг унга тегишли қисми тугатилди.

Хулоса шуки, бундай хайрли ишлар давлатимиз томонидан амалга оширилаётган улкан ишларнинг бир қисми, холос. Эзгу амаллар эса тўхтаб қолгани йўқ. Адолатли қонунлар бор экан, қанча кўп вақт ўтмасин, ҳақиқат барибир юзага чиқади.

Бахтиёр САМУКОВ,
Бош прокуратура бошқарма бошлиғи