Лоқайдликми ёки билимсизлик?

14:30 - 05.04.2021

7

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг статистик маълумотларига кўра сайёрамизда ҳар 24 сонияда бир инсон йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўларкан. Шунингдек, одамлар ўлимига сабаб бўлаётган ҳолатлар бўйича йўл-транспорт ҳодисаси 8-ўринда тураркан. Агар мазкур сабабга қарши жиддий курашилмас экан, 2030 йилда у 5-ўринга чиқиб олиши қайд этилган.

Сабабсиз оқибат бўлмайди деганларидек, бу ҳодисаларнинг ҳаммаси ҳам тасодифан юз бермайди. Уларда йўл ҳаракатининг қайсидир иштирокчиси, яъни ҳайдовчи, пиёда ё йўловчи қоидага риоя этмагани ёки бу борада лоқайдлик қилганининг гувоҳи бўламиз.

Ўтган икки ойи давомида 802 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Афсусланарлиси, бу ҳодисалар оқибатида жами 265 киши, шундан 188 нафари авария жойида ҳалок бўлган, 77 нафари шифохонада вафот этган. Шунинг дек, ушбу авариялар оқибатида 724 киши турли даражада жароҳатланган.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг 393 таси пиёдалар, 103 таси
болалар, 14 таси маст ҳайдовчилар билан содир бўлган. 28,4 фоиз
ҳолатда авариялар пиёдаларнинг кўчани нотўғри кесиб ўтиши оқибатида юз берган.

Бир неча ҳафта аввал интернетдаги сайтларда эълон қилинган ушбу статистик маълумотлар аслида 2020 йилнинг январь-февраль ойларига тегишли экан. Аммо юртимизда фаолият юритаётган аксарият интернет сайтлар мазкур статистик маълумотларни 2021 йилнинг январь-февраль ойларида содир бўлган, деб беришмоқда. Бунга ойдинлик киритиш мақсадида ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг Интернет сайтидаги телефон рақамига қўнғироқ қилдик, телефон гўшагини кўтарган ходим, статистик маълумотлар билан бошқа бўлим шуғулланишини айтиб, телефон рақами берди.

Бироқ бу рақамга икки ҳафта давомида ҳар куни қўнғироқ қилсакда, ҳеч ким гўшакни кўтармади. Ҳайратланарлиси, бир неч та сайтлар оммага эски статис тик рақамларни эълон қилсада, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бунга тегишли муносабат билдирмади.

Мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб бораяпти. Бош прокуратура академиясида бўлиб ўтган «Йўл ҳаракати
хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммолари ва бу соҳада ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи Олим Саидовнинг таъкидлашича, рес публикамизда ўтган 10 йилда йўл-транспорт ҳодисалари сони 72 фоиз ошган. Ҳозир ҳар 100 минг аҳолига 21 та шундай ҳодиса тўғри келмоқда.

Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг 42 фоизи тунда юз
берган. О.Саидов мазкур рақамни келтириб ўтар экан, бунинг сабабини ҳам очиқлади. Яъни айни вақтда юртимиздаги йўлларнинг 12 фоизигина тунда ёритиларкан.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг сабаби кўп, уларни бартараф қилиш ишлари эса суст. Масалан, 2020 йилда мазкур ҳодисаларнинг 16,3 фоизи болалар иштирокида содир бўлган. Уларда 234
бола ҳаётдан кўз юмган. Бунинг сабаби ўрганилганда маълум бўлишича, айни вақтда мактабгача таълим ҳамда ўрта таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари ҳақида етарлича билим берилмайди. Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш мактаб дастурига алоҳида дарс сифатида киритилмаган. Улар фақатгина бошқа фанларга қўшиб ўтилади холос.

Японияда автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниялар йўл ҳаракати қоидаларини фуқароларга ёшлигидан ўргатишга, уларни омма орасида тарғибот қилишга ҳар йили маълум миқдорда маблағ ажратишар экан. Чунки тарғибот учун пул ажратаётган компаниялар ишлаб чиқараётган автомобили инсон ўлимига сабабчи бўлишини истамас экан.

Конференцияда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси
ходимлари яна бир омилга тўхталишди. Жумладан, ҳозир республикамизда 1300 та ҳайдовчиликка ўқитадиган автомактаб бор. Уларнинг кўпи хусусий автомактаблардир. 2020 йилда автомактабларни тамомлаган 102 минг киши ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг бўлимларида имтиҳон топширган. Улардан 54 минг нафари биринчи имтиҳондан ўтолмай, қайта топширган. Ушбу рақамдан келиб чиқадиган бўлсак, автомактабларда ҳайдовчилар тайёрлаш дастурларини такомиллаштириш керак. Таъкидланишича, автомактабларда ҳайдовчиликка ўқитадиган малакали кадрлар етишмайди. Шунингдек, хусусий автомактабларнинг аксариятида автомобиль бошқаришни ўргатадиган автодром мавжуд эмас.

Ҳайдовчиларнинг маҳорати билан боғлиқ яна бир статистик маълумотни келтирамиз.

Йўл-транспорт ҳодисаси содир қилганларнинг 35 фоизи ҳайдовчилик гувоҳномаси олганига 5 йил бўлган, 31 фоизи 10 йил бўлган, 24 фоизи 15 йил ва 10 фоизи 20 йил ва ундан ортиқ бўлган ҳайдовчилардир. Демак, автомактаблар ўқувчиларига автомобиль бошқариш ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни етарлича ўргата олмаяпти. Ҳайдовчиликка ўқитиш ҳам инсон ҳаёти билан боғлиқ жараёндир. Ҳар томонлама пухта билим олиб, гувоҳнома олган фуқаролар, табиийки, йўл ҳаракати қоидасини бузмайди. Йўл-транспорт ҳодисалари эса айнан қоидабузарлик оқибатида содир бўлади.

Барчамиз ҳар куни, ҳеч бўлмаганда кунора автотранспортдан фойдаланамиз. У узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қилади. Шундай экан, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишимиз шарт. Бунда йўловчи, пиёда ёки ҳайдовчи бўлишимизнинг аҳамияти йўқ. Чунки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун унинг барча иштирокчилари бирдек масъулдир.

Ислом динида йўл юриш мубоҳ ҳисобланади. Агар йўлга отланган киши йўлнинг ҳақларига, жумладан, йўл ҳаракати қоидаларига, одобига ихлос билан амал қилса, йўл юриш нафақат мубоҳ амал, балки кўплаб савобларга сабаб бўлувчи ибодат даражасига кўтарилади. Борди-ю, уларга риоя қилинмайдиган бўлса, бузилган меъёрнинг даражасига кўра йўл юриш макруҳ ёки ҳаром бўлади.

Камолиддин АСҚАРОВ,
«Huquq»