“Онам билан махфий муносабати бор, шекилли…”

17:00 - 02.04.2021

33

Зафар (исмлар ўзгартирилган) ёшлигида отасидан айрилди. Йиллар ўтиб оилали бўлгач, ота уйига яқин жойдан алоҳида уй қилиб кўчиб чиқди. Кейинчалик ука-сингилларининг бари уйли бўлди. Онаси кенжа укаси билан яшайди.

Бева аёлнинг номини қора қилгувчилар ҳамиша топилади. Гумон эса иймондан айиради. Зафар ўшанда 42 ёшда эди. Бир маҳаллада яшайдиган Ғофур онаси билан махфий муносабатда деб гумон қиларди. Бир куни улар гаплашиб турганини кўриб, жаҳли чиқди, ўзини тутолмай Ғофурни пешонасига уриб жароҳатлади. Шундан сўнг у вафот этди. Зафар 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Кейинроқ тайинланган жазо 3 йиллик ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди. Зафар қамоқдан чиқиб келди, маҳалла раиси ва профилактика инспектори назоратида бўлди. Ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташ учун бир неча марта ишга йўлланма берилди, ҳатто бир марта ишга ҳам жойлаштирилди. Лекин у ишга бормай, жазони ўташдан бўйин товлагани учун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси шу муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.

Зафар жавобгарликка тортилишида ўзини эмас, онасини айбдор деб билар эди. Шунинг учун ундан ўч олишни ўйлай бошлайди.

Бир куни кечки пайт овқатланиб, пиво ичиб, қўшнисиникига ўтди. Анча пайтдан сўнг уйга келганида ИИБ ходимлари ва маҳалла раиси келиб уйида йўқлиги учун далолатнома расмийлаштирмоқчи бўлиб турган экан. Ходимлар унга озодликни чеклаш жазосини ўташ тартибини яна бир марта тушунтиришди, сабабсиз тартибни бузадиган бўлса, озодликдан маҳрум қилинишини айтишди. Спиртли ичимлик ҳам ичмаслигини қайта-қайта тайинлашди.

Бироқ жоҳил фарзанд юзаки ўйлар, тобора ботқоққа ботаётганди. Вақт алламаҳал бўлган, хотини, болалари уйқуга кетган. Ташқарида ётган Зафарнинг уйқуси келмади, яна пиво ичди. Онаси ҳақидаги ўйлари унга тинчлик бермади. Шартта ўрнидан турди-да ошхонадан пичоқ олиб, тўғри ота уйига борди. Ёз бўлгани учун онаси ҳам ташқарида ухлаб ётганди. Зафар кўрпани кўтариб, онасининг бўйнига пичоқ санчди. Кейин уйига келиб, пичоқни ҳожатхонага ташлаб юборди. Бироздан сўнг хотинини уйғотиб, онасини ўлдирганини айтди. Суд ҳукми билан Зафар 18 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Жазони қаттиқ тартибли колонияда ўтайдиган бўлди.