Қизил, сариқ ва яшил ҳудудлар

12:00 - 02.04.2021

24

Қорақалпоғистонда бундан буён иш мутлақо янги тизимда ташкил этилади, яъни маҳалла, туман ва шаҳарлар криминоген вазиятдан келиб чиқиб уч тоифага, яъни, қизил, capиқ ва яшилга бўлинди.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, Республика прокуратураси, ички ишлар, солиқ ва Миллий гвардия раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари криминоген вазияти оғир маҳалаларга шахсан бириктирилди. Улар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш тизимини тўғри ташкил қилиш ва мазкур маҳалларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш чораларини кўришмоқда.

Қорақалпоғистонда Нукус шаҳридаги криминоген вазият оғир деб топилган. Шаҳардаги вазиятни яхшилаш, жиноят ўчоқларини бартараф этиш режаси ишлаб чиқилди. Хусусан, шаҳардаги криминоген вазият оғир деб топилган 19 та маҳалладаги муаммоларни маҳаллабай ва оилабай тизимда аниқлаб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими жорий этилди. Ишсизлар, ёшлар ва аёлларни касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, камбағал оилалардаги психологик муҳитни яхшилаш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш чоралари кўрилаяпти.

«Темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари» негизида ишлаш эса аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиб, юз бериши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш имконини бермоқда.

Нукус шаҳридаги ёлғиз яшовчи фуқаролар ва ички ишлар органларининг профилактик ҳамда пробация ҳисобида турган шахсларга ички ишлар органлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ходимлари бириктирилган.

Шунингдек, Нукус шаҳри ва туманларда «Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани» фаолияти йўлга қўйилди. Унга профилактика инспекторларидан ташқари, тезкор ходим, терговчи ва суриштирувчилар бириктирилди. Нукус шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича 128 та патрул йўналиши ташкил қилиниб, 457 нафар ходим ва жамоатчилик вакиллари жалб қилинди. Улар қисқа муддат ичида хонадонларни бирма-бир ўрганишди. Профилактик ҳисобда турган ва жиноят содир этишга мойил бўлган 4386 киши билан профилактик суҳбат ўтказилди. Натижада профилактик ҳисобда турганлардан 595 нафарининг муаммоси борлиги аниқланди. Улардан 200 нафарининг бандлигини таъминланиш, 16 нафарининг соғлиғини тиклаш бўйича ёрдам кўрсатилди ҳамда икки нафарига ҳимоя ордери берилди.