Жиноятчиликка қарши курашда халқаро ҳамкорлик

18:00 - 01.04.2021

27

Давлатлараро муносабатларда жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш деганда бир давлатнинг ваколатли органи томонидан бошқа давлатнинг шундай органи топшириғи бўйича айрим процессуал, тезкор-қидирув ва бошқа ҳаракатларнинг бажарилиши тушунилади. Жиноят ишлари бўйича халқаро ҳамкорлик суд, прокурор, терговчи ва суриштирув органи томонидан Ўзбекистоннинг ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги халқаро шартномаларига асосан амалга оширилади.

Жиноят ишлари, жиноят содир этилган жойдан қатъи назар, Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан тузилган шартнома ва битимларида бошқача қоидалар белгиланмаган бўлса, иш юзасидан суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси юритилаётган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ юритилади.

Ўзбекистоннинг қонун ҳужжатларида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда ҳамда тартибда ёки ўзаролик принципи асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хорижий давлатнинг ваколатли органига ўша давлат ҳудудида бўлган шахсни жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукмни ижро этиш учун ушлаб бериш тўғрисида сўров юбориши мумкин.

Хорижий давлат ҳудудида бўлган шахсни ушлаб бериш тўғрисида ўзаролик принципи асосида сўров юбориш, агар сўров юборилишига сабаб бўлган қилмиш ҳар иккала давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ жиноий жазоланадиган қилмиш бўлса ва шахс жиноий жавобгарликка тортиш учун ушлаб берилган тақдирда – уни содир этганлик учун бир йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо ёки оғирроқ жазо назарда тутилганда ёхуд шахс ҳукмни ижро этиш учун ушлаб берилган тақдирда – у олти ойдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазога ёки оғирроқ жазога ҳукм қилинганида амалга оширилади.

Хорижий давлат ҳудудида бўлган шахсни ушлаб бериш тўғрисидаги сўровни юбориш зарурияти юзага келганда барча зарур материаллар мазкур сўровни юбориш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тақдим этилади. Ўз навбатида Бош прокуратура хорижий давлат ҳудудида бўлган шахсни ушлаб бериш тўғрисидаги сўровни тааллуқлилигига ўша давлатга юбориш масаласини ҳал этади.

2018-2020 йилларда Ўзбекистоннинг икки ва кўп томонлама халқаро шартномалари ҳамда «Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида»ги конвенция (22.01.1993. Минск шаҳри) талаблари асосида халқаро қидирувда бўлган айбланувчи(судланувчи)ларни ушлаб бериш тўғрисида (экстрадиция) хорижий давлатларга Бош прокуратура томонидан 1128 та илтимоснома юборилган.

Халқаро қидирувда бўлган айбланувчи(судланувчи)ларни ушлаб бериш тўғрисидаги (экстрадиция) илтимосномаларнинг 1101 таси рус, 16 таси инглиз, 7 таси араб ва 4 таси турк тилига таржима қилиниб, тегишли хорижий мамлакатларга юборилган.