Илм, ҳунар ёки зироатчилик

15:04 - 01.04.2021

14

Илм олганга не етсин, аммо ҳаммада ҳам илм олишга рағбат бўлмаслиги мумкин. Бундай кишиларни ёшлигидан спорт, санъат, ҳунар ёки зироатчиликка қизиқтириш — уларнинг келажакда ўз ўрнини эгаллашига замин яратади.

Гурлан тумани маҳаллаларидаги 500 дан ортиқ ёшлар ўртасида «Спортни сев, спорт билан яша» шиори остида 5000 қадам юриш ҳамда гимнастика, волейбол, шахмат бўйича мусобақа ташкил қилинди. Шунингдек, Болалар мусиқа ва санъат мактабида «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган шахслар учун меҳнат ярмаркаси ўтказилди.

Деҳқонобод маҳалласида «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган оилалар, пенсионерлар, ногиронлар ва ҳомиладор аёллар учун шифокорлар жалб қилинган ҳолда чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил қилинди. Унда 163 киши кўрикдан ўтказилди. 130 кишида турли касалликлар аниқланиб, улар амбулатор ва стационар шароитда даволаниш учун йўналтирилди, 2 кишига тиббий муассасаларда бепул даволаниш учун ордер берилди.

Давлат хизматлари маркази биносида тадбиркорлик истагида бўлган ёшлар учун ўқув курслари ташкил қилинди. Бундан ташқари, 38 нафар ишсиз ёшларга Сахтиён қишлоғи Обод маҳалласи ҳудудидаги «Бозор томат пастаси» фермер хўжалигига қарашли экин майдонларидан деҳқончилик қилиш учун 9,5 гектар ер ажратилди ва мутахассислар иштирокида ўқув семинари ташкил этилди.

Тумандаги Болалар мусиқа ва санъат мактабида 100 дан ортиқ ҳуқуқий ва психологик ёрдамга муҳтож аёллар учун прокуратура, суд, адлия, адвокатура, ФҲДЁ, ИИБ ходимлари ҳамкорлигида бепул ҳуқуқий маслаҳат берилди. Бундай тадбирлар режа асосида бошқа шаҳар ва туманларда ҳам ўтказилмоқда.