Ортиқча расмиятчилик қачон барҳам топади?

12:30 - 01.04.2021

16

Вазият тақозоси билан 2021 йил 30 март куни Мирзо Улуғбек туманидаги маҳалла идораларидан бирининг телефон рақами керак бўлиб қолди. Шу мақсадда 1009 (маълумотлар бюроси) рақами билан боғландим. У ердан туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг рақамини (71-268-07-07 (ички-123)) беришди. Бу рақам билан боғланишнинг имкони бўлмагач, вазирликнинг Тошкент шаҳар бошқармасига (71-210-01-73) сим қоқдим. Гўшакни кўтарган қиз пойтахтдаги маҳаллаларнинг телефон рақамлари ҳозирча шакллантирилмаганини айтиб, туман бўлими иш юритувчисининг (кимлигини билолмадик) мобиль телефон рақамини берди. Аммо у телефонини ҳадеганда кўтаравермади.

Шундан сўнг эътирозимизни билдириб қўйиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг фуқаролар мурожаатлари учун очилган «1146» қисқа рақамли ишонч телефони билан боғландим. У ерда гўшакни кўтарган 268-оператор исм-фамилиям, яшаш жойим ва туғилган санамни сўрай бошлади. Туғилган йилимни сўраганда «бу нима учун керак?» деб савол бердим. У эса «Мен мурожаатлар тўғрисидаги қонун талаби бўйича маълумот сўраб, тўлдиряпман (электрон)» дея эътироз билдирди. Шу ерда гапни чўзмай шикоятимни тўхтатдим.

Сўнг 159-оператор билан боғландим. У ҳам ҳамкасби айтганидек тўлдиришлари кераклигини айтди.

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунининг 6-моддасида «жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак» дейилган. Тушуниладики, мурожаатчининг туғилган санаси ҳақидаги маълумотлар бўлиши керак дейилмаган.

Бундан кўриниб турибдики, вазирликнинг ишонч телефонида ўтирганлар «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунни нотўғри талқин қилишмоқда.

Ўйлаймизки, мутасаддилар операторлар тўлдираётган сўровномалар шаклига, қолаверса, маҳаллаларнинг телефон рақамлари очиқланишига эътибор қаратадилар.