Соғинч юрагини эзган болалар

15:30 - 31.03.2021

15

– Комронжон, Тошкентдан нима олиб борай? – дея қўнғироқ қилиб сўрадим жиянимдан.

– Аямни олиб келинг…

Бўғзимга нимадир тиқилди. Кўзимдан ёш думалади. Нима деб жавоб қайтаришни билмай довдираб қолдим.

Бироздан сўнг гўшак ортидан Комронжоннинг пиқиллаб йиғлаган овози эшитилди.

– Полвоним, ширинтойим, йиғлама. Мен аянгни катта онангнинг туғилган кунида олиб бораман, хўпми? Унгача аканг иккаланг ақлли бола бўлиб юринглар, – дедим зўрға йиғлаётганимни билдирмаслик учун лабларимни тишлаб.

– Хўп, – деди ҳиқиллаганича Комронжон.

Гўшакни қўйгач, ота-она меҳрига тўймай катта бўлаётган, кўзларида соғинч акс этган, тиқ этса онам келдими дея эшикка югураётган, кўчасида машина тўхтаса отам ва онам тушдимикин дея кўчага чопқиллаган, болалиги-пошшолигини соғинчга алмаштирган юзлаб болалар кўз олдимга келиб йиғладим.

Акамнинг ўғли билан келини қишлоқда иш тополмагач, ноилож иккита ёш боласини ташлаб Тошкентга, сўнгра Россияга кетишди.

Онамнинг туғилган кунида борганимда келинимиз эндигина Тошкентдан қайтган экан. Икки боласи онасининг қўлларидан ушлаб бирга юришди. Ҳатто ётоқхонада ҳам онасининг қўлларини тутиб ётишди.

Эртаси куни бир амаллаб янгам келинини болаларидан зўрға ажратиб, Тошкентга жўнатиб юборди. Комронжон кечгача онасининг қайтиб келишини кутди. Келмагач, мени қучоқлаб «Аям кечқурун келаман деб ваъда берганди. Қани?» деди лабларини чўччайтириб.

Болани алдамаслик учун унга «Аянг ишлагани узоққа кетди. Сенга чиройли кўйлакчалар, ўйинчоқлар олиб келади. Унгача ақлли бола бўлиб, йиғламай ўтир» дея тўғрисини айтдим.

У хўп дегандек бошини қимирлатди. Қанийди қишлоқларда ҳам ёшларга, айниқса аёлларга иш ўринлари кўпайса… Оналар болаларининг дийдорига муштоқ бўлмасди. Болалар эса кўзлари жовдираб оналарини кутмасди. Уларнинг бахтиёр болалигини ким қайтариб беради, ким? Бу биргина бизнинг эмас, юзлаб, минглаб оилаларнинг муаммосидир.

Хонбиби ҲИММАТ қизи,

журналист