Бегуноҳлар тўлаган бадал

11:00 - 31.03.2021

6

Обиджон ака қишлоқда пиёнисталиги билан танилган. Ичмаган куни йўқ. Уйда хотини, бешта боласи бўла туриб топганини ароққа сарфлайди. Пул тополмаганда уйидаги қўлга илинарли бирор буюмни бозорга олиб бориб сотади-да, яна кайфу сафо қилиб юраверади.

Яхшиям ўғли Олимжон унга ўхшамади, мактабни тугатди-ю мебель ясайдиган устага шогирд тушди. Уч-тўрт йил деганда ўзи ҳам қўли гул устага айланди, укаларини ёнига қўшди.
Пул жамғариб, бир сигир, иккита буқа олди. Отасининг аҳволи
шу бўлса, рўзғорга ўзи қайишмаса бўлмас. У тенги йигитлар
уйланиб, болали ҳам бўлишди.
Ўз тўйига ҳам пул йиғиши керак энди.

Бироқ у ўйлаганидай бўлмади. Отаси бир куни саҳарлаб молларни олиб чиқиб кетиб сотиб юборди-ю кечга яқин ғирт маст бўлиб келди. Олимжон кўзлари ёшга тўлганча қолаверди. Раҳима опа энди ҳамма эшикларни қулф лаб юрар, пулини эридан яширишга уринарди.
Оқшом чўкиб, кун ғира-шира бўлган пайтда Обиджон ака гандираклаганча уйига келди. Кела солиб эски дийдиёсини бошлади.
– Раҳима, ҳов Раҳима, бу ёққа чиқ!.. – ўшқирди хотинига. Дўққа ўрганиб кетган аёл ичкари уйдан туриб жавоб қилди:
– Ҳа, нима дейсиз?
– Бу ёққа чиқ деяпман! – яна бақирди эр.
Раҳима опа қўрқа-писа эрининг ёнига келди.
– Яна бошладингизми?!
– Пулдан чўз! – ўдағайлади эр қўлини мушт қилиб.
– Нима қиласиз?! Ичиб битирасизми униям?! – хотин қовоғини уйди.
– Нима қилишим билан ишинг бўлмасин. Тез бўл, вақтим зиқ…
– Қаёққа шошасиз? Сизга кўзи учиб турганлар ҳам бор эканми?! – бу сафар сабри етмай пичинг қилди хотини.
– Бўлди қил, пулдан чўз! Томоғим қақраб кетди…
– Пул йўқ, бўлгандаям бермасдим… – Раҳима опанинг овози шу қадар паст чиқдики, ўзи ҳам зўрға эшитди.
– Нега жимсан?! Ҳозир жаҳлим чиқиб турибди.
– Отаси… – зорланди аёл. – Ўзингиз ўйлаб кўринг. Икки ўғлимизга, қизларга тўй қилишимиз керак. Бу ёқда солаётган иморатимиз ҳам чала қолган… Сизнинг аҳволингизни кўриб, ҳеч ким биз билан қуда бўлмайди, эшитаяпсизми?! Бу одатингизни ташланг, жон отаси! – кейин кафтлари билан оғзини тўсганча изиллиб йиғлашга тушди. – Шу ароқ ўлгурни қайси мияси йўқ ўйлаб топган экан-а?.. Турган-битгани зарар… Ўзингизга нуқул бир ғалва орттириб юрасиз. Кап-катта одам, ақлингизни йиғиб олсангиз бўларди. Ана, ошнангиз Умар аканинг турмуши бинойидек. Қизларини чиқарди, ўғил уйлади… Биз-чи?! Ҳалигача битта иморатни ҳам битказолмаймиз. «Обид пиёнистага қуда бўлмаймиз» деб нечтаси юзимга эшик ёпди. Мени ўйламасангиз, ота-она, қариндош-уруғни демасангиз ҳам ақалли болаларни ўйланг, барака топгур! Уларда нима гуноҳ?!
Бу аччиқ гаплар эрнинг баттар жаҳлини чиқарди.
– Кўп вайсама! Ўзи бошим оғриб турибди!
– Пул йўқ! – деди Раҳима опа қатъият билан.
– Шунақами ҳали?!
– Шунақа!
– Ҳозир терингга сомон тиқаман, шаллақи!.. – Обиджон ака хотинига ташланди. – Яхшиликча бер, тутиб олсам, пешонангдан дарча очаман!
Унинг ғазабдан кўзлари ёнар, қўлига илинган нарсани хотинига отарди. Ниҳоят унга етиб олди-ю аямай дўппослай кетди. Бир зумда бақир-чақир кучайди. Ўғил-қизлари чиқиб, уларни ажратишга ошиқишди.

Олимжоннинг онасига раҳми келар, калтакка чидай олмай
тўлғонаётган волидасини отасининг чангалидан қутқаришга уринарди. Бироқ отасига қарши куч ишлатишга-да юраги дов
бермасди. Бироқ онасининг лаби ва пешонасидан қон оқаётганини кўриб чидай олмади. Бор кучини тўплаб, отасини бир силтаганча ўзига қаратди. Унинг кўзлари қонга тўлган, шу тобда ҳамма нарсага тайёр эди.
– Ҳали ўз отангга қўл кўтарадиган бўлдингми, нонкўр?! – бақирди Обиджон ака қаҳр билан.
– Ҳа, қўл кўтаришга ўзингиз мажбур қилаяпсиз! Сиздек отанинг боридан йўғи яхши… Сизнинг ўғлингиз эканимдан ор қиламан, эшитаяпсизми, ор қиламан!
– Лаънати! Шу гапларни сен гапираяпсанми?! Ор қилсанг, ўлдириб қўя қолай сени!.. – ота бақувват қўллари билан ўғлининг ёқасидан маҳкам қисди. Деворга тираб, аямай тепа бошлади.

Олимжон ўзини ҳимоя қилса-да, негадир отасини аярди. Бўлмаса айни кучга тўлган пайти, отаси бир муштига ярамайди урса… Ҳаммаёғи қонга беланган ўғлини кўрган Раҳима опа дод деганча эрининг қўлига ёпишди. Фурсатдан фойдаланган Олимжон эса отасининг чангалидан чиқиб, кўчага қочди… «Бундай яшаб бўлмайди… – ўйларди ариқ бўйида юз-кўзини юваётган Олимжон. – Отам барибир инсофга келмайди. Уйланиб, хотиннинг ёнида кунда шарманда бўлиб, бошим эгилганидан кўра…».
У бироз ўтирди-ю сўнг шаҳд билан турди-да, яқингинада кўриниб турган шийпонга қараб кетди.

Раҳима опа калтак зарбидан туни билан тўлғаниб чиқди. Негадир юраги бежо урарди. Тонгга яқин кўзи илинган экан, қизининг фарёдидан чўчиб уйғонди.
– Ойи! Акам дарвозахонада ўзини осиб қўйибди!

Она бир дам нима бўлганини англамай, атрофга жавдираб
турди-да, юрагини чангаллаб ерга қулади. Шу дамда унинг жони
танасидан чиқиб, ўғлининг мурдаси атрофида гирён эди…
Бу манзара сизга, бизга – ҳаммамизга бегона эмас. Шундоққина кўчамизда, нари борса, қўшни маҳаллада кунда-кунора дуч келамиз. Айрим ҳолларда хотин, бола-чақасини сўкаётган, ураётган қўшнимизни тартибга чақирамиз, баъзан масталаст кимса билан тенг бўлгимиз келмай ўзимизни четга оламиз.

Ҳатто қариндош-уруғлар, акаукалар ҳам аралашгиси келмайди. Ахир ғалвага кимнинг тоқати бор?! Баъзан оиладаги ур-тўполонлар юқоридагига ўхшаш фожиа билан тугайди. Кўпинча пиёниста бирор жиноятга қўл уради: ё қотилга айланади, ё босқинчига. Афсуски, бунинг бадалини кўпроқ норасида фарзандлар тўлайди: болалиги бўлмайди уларнинг – кўргани уруш-тўполон, эшитгани ҳақорат. Меҳр, эркаланиш нелигини билмай ўсади – эрнинг ситамларидан чарчаган онанинг дилбандларига меҳр улашишга, уларни эркалашга тоқати қолармиди… Бу мунгли кўзларда қувонч балқмайди, аксинча, масрур тенгдошларига нисбатан қалбида ўзгача туйғулар бош кўтара бошлайди, ўзгаларга нисбатан адоват уруғи ниш уради. У бўй кўрсатганидан кейинги вазиятни ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг! Бундай болаларнинг умри, келажаги увол эмасми?!

Нега биз – катталар буни ўйламаймиз?! Нега боламиз учун ёмон одатларимизни ташлай олмаймиз?! Ахир ҳаёт – мактаб! Бугун унинг саҳнасидаги кўнгилсизликни кўриб, ундан ўзимизни олиб қочаяпмизми, демак, бундай ҳолга тушишдан ҳам қочишимиз энг тўғри йўлдир.

Нилуфар НИЁЗОВА,
«Huquq»