Сув қонунчилиги тарихи

17:00 - 30.03.2021

58

Сув қонунчилиги ўзига хос тарихий шаклланиш ва ривожланиш даврларини босиб ўтган. Сув билан боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солиш масаласи мамлакатимиз ҳудудида яшаган аждодларимизнинг эътиборида бўлиб келган.

Сув ҳақидаги қонун ҳужжатларининг вужудга келиши ва ривожланишини тўрт босқичга бўлиш мумкин. Биринчи босқич – қадимги ҳуқуқий норма ва қоидаларнинг вужудга келиши. Ушбу босқичга хос сувни муҳофаза қилишга оид энг муҳим ҳуқуқий қоидаларни зардуштийларнинг «Авесто» китобида учратиш мумкин. Унда сувни эъзозлашга, ерни суғориб боғ-роғ, экинзор қилишга алоҳида эътибор берилган.

Сувни ифлослантириш қаттиқ гуноҳлиги қайта-қайта эслатилган. Кўча эшиги ёнига ахлат тўплаб қўйган хонадон соҳибига жамоа оқсоқолининг ҳукми билан 25 қамчи, ҳовуз ёки булоқдан нопок кўза ёки челакда сув олган одамга 5 қамчи урилган. Анҳор ва ариқ бўйларида мол боқишга, отларни боғлашга рухсат этилмаган, қудуқ ва ҳовуз сувларини ифлос қилганларга катта жарима солинган.

Иккинчи босқич – ўрта асрларда сувга оид қонун ҳужжатларининг ривожланиши даври. Бу босқичдаги сув муносабатларини тартибга солувчи асосий ҳуқуқий манбалар Қуръони карим, ҳадислар ва Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асари ҳисобланади. Қуръони каримда табиатни муҳофаза қилиш, унинг бойликларидан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор берилган. Ислом дини табиатни, сувни асраб-авайлашга чақиради. Қуръони каримда кўрсатилишича, табиат объектлари Аллоҳнинг мулки ҳисобланади.

Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби кўпгина мутафаккирлар ўз асарларида сувни муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор берган. Масалан, буюк аллома Муҳаммад Мусо Хоразмий рисолаларидан бирида шундай деб ёзади: «Билингки, дарёнинг кўзлари ёшланса, унинг бошига ғам, кулфат тушган бўлади. Одамлар, дарёдан меҳрингизни дариғ тутманг лар».

Абу Наср Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳ ри» асарида сув масаласига алоҳида эътибор берилади, чунки шаҳар аҳолиси учун сув манбаларини тартибга солмай туриб ҳаёт кечириш мумкин эмас. Қонун чиқарувчилар ва ҳокимлар сув муаммосига, дарёларнинг ўзанига катта эъти бор беришлари зарур. Бир ерда сув кўп бўлиб, бировлар сув билан таъминланиб, бошқалар сувга муҳтож бўлмасликлари учун бу муаммога адолат билан ёндашмоқ керак. У экинзорларни суғориш ва керак бўлса муҳтожлар учун жамоат қудуқларини қазиш зарурлигини эслатиб ўтади. Бу шаҳарларда ҳаёт кечиришнинг энг муҳим омилидир. Форобий бу борада Афлотунга мурожаат этиб, қонун чиқарувчилар ва ҳокимлар сув иншоотларига алоҳида эътибор қилишлари зарурлигини кўп таъкидлайди.

Хоразмшоҳ Маъмун эса буюк қомусий олим Абу Райҳон Берунийга бутун Хоразм сувини бош қариш ҳуқуқини берган. Олим Жайҳун (Амударё) қирғоқларига кузатиш пунктлари ўрнаттирган ва одамлар сув ҳаракатини кузатиб боришган.

Сувни муҳофаза қилиш, ундан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солишда шариат қонунларининг шарҳи ҳисобланган «Ҳидоя» асари муҳим аҳамиятга эга бўлган. Унда табиат муҳофазаси, инсон – табиат муносабатлари батафсил тартибга солинган. Шариатда ҳар бир жонзотнинг сувга нисбатан ҳуқуқи, яъни табиий ҳуқуқи борлиги белгиланган. Чунончи, бухоролик фақиҳ Садр аш-шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Маҳбубий ал-Бухорийнинг «Мухтасар ал-Виқоя» асарида ёзилишича, ширб – сувдан тегадиган улуш, яъни ҳар бир жон эгасининг, одам, ҳайвон, ўсимликнинг сувдан фойдаланадиган улушидир. Одам ва ҳайвонларнинг идишга солиб сақлаб қўйилмаган ҳар қандай сувдан ҳожатига кўра истеъмол қилишга ҳақи бор деб белгиланган.

Шариатда сувни фойдаланиш учун бериш ҳуқуқи, сув юзасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилган. Унда кўрсатилишича, ери бўлмаса ҳам сувда улуши борлигини даъво қилиш дуруст, яъни суғориладиган ери бўлмаса-да, барибир сувдан бошқа мақсадлар учун фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд. Агар сувдаги улуш бўйича низо келиб чиқса, сувдаги улуш ўзларининг ерлари миқдорича бўлиб берилади, яъни сув ерни суғориш талабларидан келиб чиқиб, ер майдонининг катта-кичиклигига қараб тақсимланиши кўрсатилган. Шариатда сувдан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш мумкин эмаслиги ҳақида муҳим қоидалар бор. Унга кўра агар (фойдаланувчи) сувни боғлаб тўхтатмаса, ери сув ичмайдиган бўлса ҳам – сувнинг юқорисида турган киши уни бўғиб тўхтатиши ман қилинди, илло шерикларининг розилиги билан тўхтатса дуруст бўлур.

Мусулмон ҳуқуқи нормаларида сув иншоотларини қуриш, ўзгартириш тартиби ҳам батафсил баён қилинган. Чунончи, ариқдан бирга фойдаланувчи шериклардан биттаси бошқасига сув олиш учун чиғир ва бошқа ускуналарни қуришни ман қилиши мумкин. Агар мана шу ускуналар уни қурувчига қарашли ерда бўлса ва бошқаларга зарар бермайдиган даражада бўлса ман қила олмайди. Яна кимки ариқнинг ҳолатини ўзгартирмоқчи бўлса, масалан, ўз ҳаддини кенгайтирса ёки торайтирса бошқаси уни торайтириши мумкин. Демак, сув иншоотларини қуриш ёки ўзгартириш учун сувдан фойдаланувчиларнинг розилиги талаб қилинган.

Фуқаронинг сувдаги улуши унинг авлодларига мерос қолиши кўрсатилган. Бу улушдан фойдаланиш учун уни бировга васият қилиш зарур. Лекин сувдаги улуш ердан айрича сотилмайди. Бировнинг улушидаги сувдан фойдаланиш пулли бўлган. Шариатда белгиланишича, бир киши ўзининг ерини иккинчи кишининг сувдаги улушидан суғорса, ҳақини хоҳ мислий, хоҳ қийматини тўлар. Агар бир киши ўз ерини суғораётганда сув қўшни ерига оқиб кетса, қўшни бу сув ҳақини тўламас, чунки айб оқизувчининг ўзида бўлган. Умуман олганда, сувдан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатлар мусулмон ҳуқуқи қоидалари билан батафсил тартибга солинган.

Мамлакатимиз ҳудудида хонликлар даврида ҳам сув муносабатларини тартибга солишга катта эътибор берилган. Сувга нисбатан жамоат мулкчилиги белгиланган. Хон ҳокимияти мус таҳкамланиб борган сари сувнинг катта кисми давлат тасарруфига олинган. Қадимги Хоразмда суғорма деҳқончилик ривожлангани, сунъий суғориш тизими, мураккаб ирригация тармоқлари, йирик суғориш иншоотлари, каналлар ва сардоба (сув тўплайдиган иншоот, ёмғир ва қор суви канал орқали ана шу иншоотда тўпланган) тизими шакллангани ва уларнинг узлуксиз ишлаб туриши, шунинг дек, карвонлар ўртасида ҳар 25 километр (карвон бир кунда босадиган ўртача йўл) масофада қудуқлар қуриш тажрибаси йўлга қўйилгани тўғрисида манбаларда маълумот берилади.

Марказий Осиёда, шу жумладан, Ўзбекистонда милоддан аввалги VI-V асрлардан сув таъминоти мавжуд бўлган. Сувни аҳолига етказиб беришда сопол, ёғоч, металл (мис ва қўрғошин) қувурлардан фойдаланишган. Самарқанд шаҳрида қадимги каналлар, тўғонлар, ариқлар, коризлар излари сақланган. Хон банди (сув сиғими 1,5 млн. м³) XVI асрда Самарқанд вилоятида қурилган, Абдуллахон банди ўз даврининг энг ноёб иншоотларидан бири ҳисобланади. XIX асрда Фарғона водийсида Қўқон хонлари қурдирган Шаҳрихонсой канали, Улуғнор каналлари халқнинг мулки бўлиб қолган.

Ҳасан ҲАЙИТОВ,
департаментнинг Яшнобод тумани бўлими
суриштирувчиси