Қоғоз парчасидаги рақамлар

16:30 - 29.03.2021

11

Шокир Илҳомов икки йил ҳаракат қилиб, олий ўқув юртига кира олмади. 2020 йилнинг сентябрь ойида танишларидан Россиядаги Астрахан техника университетининг Тошкент вилояти филиали очилганини, қабул жараёни кетаётганини эшитади. Шундан сўнг у амакиси Муҳсин Нодиров билан Тошкент давлат аграр университети ҳудудида жойлашган ушбу университет филиалига ҳужжатларини топшириш учун боради.

Университетнинг биносига кираётганида қоровул қаерга кетишаётгани билан қизиқади. Унга ҳужжат топширишга келишганини айтиб, кимга учрашиш лозимлигини сўрашади. Қоровул Тоҳир ёки Баҳодир исмли шахслар ҳужжатларни қабул қилишаётганини айтади. Қоровул кўрсатган бинонинг 5-қаватига чиқишганида уларни Тоҳир кутиб олади. Университетга кириш учун керакли барча ҳужжатларни топширишади.

Шундан сўнг Тоҳир «Кутиб туринг, маслаҳатли иш бор» дейди. Тахминан ярим соатдан сўнг у икковлонни хонасига чақириб, «Жиян сиртқи бўлимда ўқимоқчими ё кундузги бўлимдами?» деб сўрайди. М.Нодиров «Кундузги бўлимда ўқиса яхши бўлар эди» деганида, Тоҳир ўрнидан туриб бир қоғознинг четини йиртиб, унга 3000 ва 4000 рақамларини ёзади ва уларга кўрсатади. М.Нодиров «Долларми?» деб сўраганида у тасдиқлаб, контракт бўлса 3 минг, бюджет бўлса 4 минг доллар бўлишини айтади. М.Нодиров «Майли, пулни қачон олиб келиб беришим керак?» деганида, у имтиҳондан бир кун олдин олиб келишни тайинлайди.

Хуллас, Тоҳир орада икки-уч марта қўнғироқ қилиб, Ш.Илҳомовнинг ҳужжатларини топа олмаётганини, унинг расмини ва паспорти нусхасини ижтимоий тармоқ орқали ташлаб юборишни сўрайди, имтихон 2020 йилнинг бешинчи ёки ўнинчи октябрь кунига қадар бўлиши кераклигини айтади. 13 октябрь куни Тоҳир яна қўнғироқ қилиб, эртага соат иккиларга жияни билан бирга келиши кераклигини ва айтилган пулни олиб келишини тайинлайди.

М.Нодиров ва Ш.Илхомов Тоҳирнинг ишлари ноқонунийлигини билишгач, тегишли жойга ариза билан мурожаат қилди. Ушбу ҳолат юзасидан департаментнинг Қибрай тумани бўлими ходимлари 2020 йил 14 октябрь куни тадбир ўтказди. Унда Тошкент давлат аграр университети бош мутахассиси Тоҳир Ҳамроқулов университет талабаси Ж.Ярашев орқали М.Нодировдан 4 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Жиноят ишлари бўйича Қибрай тумани суди Т.Ҳамроқуловга жарима жазоси тайинлади.