“Яна қўшолмайсизми? Унда борига барака!”

13:00 - 29.03.2021

5

Урганчлик С.Ю. тадбиркор. Илгари Жиноят кодексининг 228-моддаси билан судланган. «Сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади» деган мақолини эшитмаган ё бунинг менга алоқаси йўқ деб ҳисоблаган чоғи, ҳар қандай йўл билан даромад қилиш пайидаги тадбиркор танишига фириб беришни кўнглига тугди. Таниши орқали Х.С.нинг ёнилғи қуйиш шохобчасини сиқилган газ қуйиш шохобчасига ўзгартиришда муаммоларга дуч келаётганидан хабар топгач, Урганч туман ҳокимлигида, Тошкентда зўр  танишлари борлигини айтиб, агар 45 минг АҚШ доллари берса, бу ишни битириб беришни ваъда қилди. Х.С. 44 мингга битказиб беришни сўради. С.Ю. ўша пайтда кўп қаватли уй қураётгани учун пулга жуда муҳтож эди, шу боис борига барака деб қўяқолди. Х.С.дан оладиган пулини нималарга ишлатишни ўйлаб бир неча кун сармаст бўлиб юрди. Кейин билса, чучварани хом санаган экан.

Х.С. уч йилдан буён қанча ташкилотга мурожаат қилиб битказа олмаётган ишини оддий тадбиркор қандай битказишини ўйлаб ҳайрон бўлди. Шу боис ҳуқуқ-тартибот органига мурожаат қилди. Фирибгар жиноят устида қўлга олинди ва суд ҳукми билан жазога тортилди.