“10 мингни бозордаги тошлар орасига яшириб қўйгандим”

11:30 - 29.03.2021

7

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига Қўқон шаҳрида яшовчи, илгари судланган, фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан билан бойлик орттиришга муккасидан кетган йигирма етти яшар йигит кўп миқдорда валюта сотиш илинжида юргани ҳақида хабар келиб тушди. Унинг таниши Ҳафизбек (исмлар ўзгартирилган) жиноятни фош этиш тадбирида харидор ролини адо этишга рози бўлди. Кўришганларида Жавлон унга қалбаки 10 минг АҚШ долларини ярим нархида сотиб оладиган харидор қидираётганини айтади. Ҳафизбекка қалбаки 100 долларни намуна учун беради. Чиндан ҳам бир қарашда купюранинг қалбакилигини билиб олиш мушкул эди. 

– Қайдан олдингиз?

– Узумини енгу боғини суриштирманг. Харидор топсангиз, фойдадан улушингизни оласиз.

Орадан уч кун ўтиб, келишилган жойда, Қўқон шаҳрининг Қоғозгарлик кўчасида учрашганларида Ҳафизбек харидор топганини айтди: «Риштонлик йигит беш мингга ҳаммасини оладиган бўлди». Ҳафизбек унга уйи олдида, «Спарк» машинасида 5 минг долларни берди. Жавлондан қалбаки 10 минг долларни олиб машинадан тушганида департамент ходимлари келиб ушлашди. Машина ўриндиқлари ўртасидан махсус белги қўйилган 5 минг доллар далил сифатида олиниб, расмийлаштирилди. Экспертизада қалбаки купюралар офсет босма усулида босилгани аниқланди.

– Валюта олиб-сотиб юрганимда танишган Дилмурод деган бола қарзга 5 минг доллар бериб туришни илтимос қилди, – дейди судланувчи Жавлон. – Ўрнига қалбакилигини айтиб 10 минг доллар берди. «Сизда тура турсин, 5 минг пулингизни қайтарганимда олиб кетаман» деди. Бироқ ўн кун ўтди, айтган куни келмади. Қалбаки пулни Ўзбекистон туманидаги автомашина бозори яқинида тошлар орасига яшириб қўйдим. Дилмурод йўқ бўлиб кетди. Унга берган 5 мингни чиқариб олмоқчи бўлиб Ҳафизбекка харидор топинг дедим. У топган харидорнинг пулини олиб, қалбаки 10 минг долларни берган пайтимда мени қўлга олишди.  

Қалбаки валюта сотишдан иборат қилмиши иқрорлигидан ташқари яққол далиллар, холис ва гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқланган Жавлон беш йилга озодликдан маҳрум этилди.