Ота-оналарга ғамхўр бўлиш пайғамбарларнинг хулқларидир

12:00 - 27.03.2021

5

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Инсонларнинг жамиятда тутган мавқеи га боғлиқ бўлмаган бир касб борки, у оталик ва оналикдир. Ота-оналар ўз фарзандлари тарбияси учун жамият ва Оллоҳнинг олдида масъулдирлар. Зеро, Оллоҳ таоло Қуръони каримда «Эй мўъминлар! Сизлар ўзларингизни ва оилангизни ўтини одамлар ва тошлардан бўлган дўзах оловидан асрангиз!» (Таҳрим сурасининг 6-ояти) деб марҳамат қилади. Бу оят ҳукмига кўра ҳар бир ота-она фарзандларини ва оила аъзоларини тўғри тарбия қилиш билан уларни ҳам, ўзини ҳам дўзах азобидан сақлаб қолиши кераклиги айтилмоқда. Ота деган сўз фақат фарзанд кўришни англатмайди. Жонзот борки, бола кўриши мумкин. Лекин ота фарзандлар ва оиланинг моддий ва маънавий эҳтиёжини қондириб, яхши тарбия бериш билан бирга, оиланинг устуни, чинакам қўрғони, фарзанд тарбиясида эса муҳим ўрин тутиши ҳаётда ва муқаддас динимиз таълимотларида аллақачон ўз исботини топган. Она эса фарзанд тарбиясида беқиёс ўрин эгаллайди. Тарбиядаги биргина хато ҳам жондан азиз фарзандларимиз келажагига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Агар ўзига ишонадиган фарзанд тарбия қилмоқчи бўлсангиз, болангизнинг юзига қараб бақиришдан, уни масхара қилишдан, устидан кулишдан, камситишдан, бошқа тенгқурлари билан солиштиришдан, хўрлаш каби унинг шахсиятини вайрон қилувчи иллатлардан воз кечиш керак. Аслида инсон зиммасига ота- оналик масъулияти фарзанд туғилмасдан аввал тушади. Ўғил болада эркак кишига хос жиҳатлар отанинг тимсоли орқали шаклланиб боради. Зеро, боланинг ҳаётида дастлабки идрок этилган эркак киши – унинг отасидир. Болалар табиатан жуда кузатувчан бўлади. Олти-етти ёшгача болада гўдаклик ҳукм сурса, ўн тўрт-ўн беш ёшгача ўсмирлик ёки болалик даври бўлади. Мана шу даврларда ота-она ўз фарзандларининг тарбиясига сидқидилдан эътибор қаратиши ўта муҳим масала ҳисобланади.

Бола гўдаклик чоғиданоқ ҳар қандай муносабатнинг нечоғлик самимий ёки юзаки эканини тез фаҳмлайди. Шунинг учун ҳам бола билан муносабатда сунъийлик ҳамда эътиборсизликка мутлақо йўл қўймаслик лозим. Аҳамият берадиган бўлсак, бола ота-онасини кўрди дегунча уларнинг диққатини тортишга уринади. Масалан, ўзини отасига ўхшаб тутгиси, унга ўхшаб овқат ейиши, ёнбошлаши, қиз бола онасининг фартугини тутиб, ошхона ишларига аралашиб кетиши, баъзан эса буви ёки бобосининг кўзойнагини тақиб олиб, ўзларини уларга ўхшатиши мумкин. Булардан биз хоҳласак-хоҳламасак-да, фарзандимиз бободан эътиқод, бувидан меҳрибонлик, онадан оилапарварлик ва аёллик фазилатлари, отадан эса ростгўйлик ва эркак кишига хос шижоатни ўрганиб бораётгани англашилади. «Қуш уясида кўрганини қилади» деб бежиз айтилмаган. Фарзанд тарбиялаётган ота-она борки, ўзининг ҳар бир ҳаракати, юриш-туриши, муомаласи, бошқалар билан муносабатида олийжаноб фазилатларни намоён эта олиши шарт.

Буюк аллома Ибн Сино айтадики, «Болани тарбиялаш ота-онанинг асосий мақсади ва вазифасидир. Ўз камчиликларини тузатишга қодир бўлган ота-она боласини камол топтиришда асосий тарбиячи бўлиши мумкин».

Тажрибалардан маълумки, бола ёшлигида тақлидчи бўлади, ота-онасидан, атроф дагилардан ўрнак олишга интилади. Таниқли адиб Абдулла Қодирий ҳаётида бўлган бир воқеа ҳам бунга мисол бўла олади. Бир куни Абдулла Қодирийнинг онаси Жосия хола «Эй Абдулла, болаларингга қарамайсанми? Китобингни қўлтиқлаб олиб, ўзинг билан оворасан» деса, Қодирий бобомиз «Мен аввал ўзимни тарбия қилишим керак. Болаларим мендан андоза оладилар» деган экан. Шундай бўлгач, агар фарзандларимизнинг қалбида Оллоҳга ишонч – севги, ватанга муҳаббат, оилага садоқат, илмга рағбат каби туйғуларни шакллантира олган бўлсак, ҳақ ва ҳақиқат хусусидаги билимлар ва гўзал ҳис-туйғуларни шакллантира олсак, етук инсон ва иймон эгаси бўлиб етишиши учун муҳим омил яратиб берган бўламиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда «Ҳеч бир отаона фарзандларига гўзал тарбия ва яхши одобдан ортиқ бир туҳфа инъом этолмайди» деб марҳамат қилганлар.

Афсуски, бугунги кунда айрим отаоналар билан фарзандлари ўртасидаги масалалар долзарб муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Ваҳоланки, Оллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Роббингиз сизларга ёлғиз ўзига ибодат қилмоғингизни ҳамда ота-онангизга яхшилик қилишингизни амр этди». Эътибор берсак, Оллоҳ таоло ўзига ибодат қилишдек энг асосий амалдан кейин ота-онага яхшилик қилишни буюрмоқда. Бошқа бир ояти каримада эса «Оллоҳга ибодат қилинглар, унга шерик келтирманг ва ота-онага яхшилик қилинг» дейилган (Нисо сураси). Ўзига ибодат қилишга, ширк келтирмасликка чорлаб, кетидан ота-онага яхшилик қилишни келтираяпти. Банда қилмаслиги лозим бўлган энг улкан гуноҳ ширкдир. Банда қилиши зарур бўлган энг улкан савоб сифатида эса Оллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилишни амр этмоқда. Ота-онага яхшилик қилиш, эҳтиром кўрсатиш, уларга меҳрибон бўлиш, уларнинг қалбига озор етказмасдан, итоаткорлик билан иззат кўрсатиш мақтовга сазовор фазилатдир.

Ота-онага яхшилик қилиш, ғамхўр бўлиш пайғамбарларнинг хулқларидир. Оллоҳ ўзининг муборак каломида пайғамбарларни васф қилар экан, уларнинг ота-оналарига эътиборини алоҳида зикр қилиш билан бизга юксак ва олий мукофотга муносиб амални тарғиб қилмоқда.

Раҳимберди РАҲМОНОВ,
Тошкент шаҳридаги «Хўжа Аламбардор»
жоме масжиди имом-хатиби