“Гуноҳим сизни танлаганимми?!”

18:00 - 26.03.2021

5

Норинлик Самад Қурбонов болалигидан билим олиб, ҳунар ўрганишга бўйни ёр бермади. Ичкиликка ўрганди, доим ур-тўполонларнинг бошида турди. Хотини билан ҳам муроса қилолмади. Россияга жўнаб, уч-тўрт йил ишлаб қанча пул топди, билмадик. Бироқ ўзга юртдаги оғир меҳнат ҳам тезда жонига тегди – юртига қайтди.

2015 йил март ойида 2003 йилдан буён таниш бўлган Шамсия Пўлатовани учратиб қолди. Аёл суҳбат орасида турмуш ўртоғи йўқлигини гапириб қолгач, Самаднинг ҳаловати йўқолди. Нима қилиб бўлса ҳам унинг кўнглидан жой олиш ҳаракатига тушди. Хуллас, орадан ҳеч фурсат ўтмай улар Шамсиянинг хонадонида шаръий никоҳ асосида яшай бошлашди. Вақт ўтгани сайин аёл бу никоҳга рози бўлганига пушаймон қилди.

Самаднинг бошида унга ҳамдард бўлиши, фарзандларига меҳр улашиши бошини айлантиргани рост, бироқ бора-бора уларнинг кўз ўнгида маст-аласт келиб дўппослаши, ҳақоратлаши, хўрлаши қўни-қўшни олдида шармисор қилди, жонидан тўйдирди. Иложсизликдан икки марта ИИБга бериб ҳам юборди. Шунда ҳам ўнгланмагач, ҳатто уйига киритмай қўйди. Самадга икки бор маъмурий жазо тайинланди.

2020 йилнинг 12 сентябрь тонги. Самад яна бирга яшаш таклифи билан Шамсиянинг хонадонига кириб борди.

– Шунча азоблаганингиз етади, энди сиз билан яшамайман! – қатъий қарорини айтиб туриб олди Шамсия.

– Бунақа гапларни йиғиштир, сен менинг хотинимсан! – Самад хотинини алдаб-сулдаб йўлга солиш ўрнига дарров дўқ қилишга ўтди. – Ё бирортасини кўзлаяпсанми? Айтиб қўяй, агар мен билан яшамасанг, бошқаси билан ҳам яшамайсан!

Шу тариқа ўртада жанжал чиқди. Гоҳ эр хотинни, гоҳ хотин эрни ҳақоратлар, бақир-чақир авжига чиқиб борарди. Шовқиндан уйғониб, ҳовлида пайдо бўлган набиралар ҳам уларни тинчлантиролмади. Аксинча, жаҳл отига минган Самад ўзи билан олиб келган пичоқни олди-ю, уларнинг кўз ўнгида Шамсиянинг аввал чап кўксига, кейин бўйни ва елкаси аралаш санчаверди. Ҳатто аёлнинг катта набираси чинқириб дод солганча келиб қўлига ёпишганида ҳам тўхтамади…

Шамсиянинг қароғида «Менинг гуноҳим сизни суянчиқ деб танлаганимми?!» деган савол қўрқув-ла қотиб қолган эди. Суд бўлди, Самад Қурбонов суд ҳукми билан 17 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.