Директор, бухгалтер ва кассир тил бириктирди

15:00 - 26.03.2021

5

Нормўмин (исмлар ўзгартирилган) тумандаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори лавозимида ишлаб келаётганди. Директор сифатида унинг асосий вазифаси ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш ҳисобланади. Аммо Нормўмин зиммасидаги вазифани унутиб, нафсига эргашиб кетди. Марказ бош ҳисобчиси Зафар ва кассир Акмал ҳам унинг ноқонуний ишларига шерик бўлди.

Улар тумандаги «Baraka savdo», «Орифбек қурилиш сервис», «Димишқибола томорқа хизмати», «Бек инвест металл», «Умид бранд люкс», «Исобек омад барака файзли», «Нурбек, Шербек, Элбек» МЧЖларнинг директорлари билан тил бириктириб, камбағал оилалар тоифасига кирмаган, расмий равишда субсидия ажратишни сўрамаган 26 нафар фуқарога маблағ ажратади. Амалда ҳеч қандай иссиқхона қурилмаган, сув насоси етказиб берилмаган бўлса-да, уларнинг ҳар бирига 2 млн. 230 минг сўмдан субсидия ҳисоблашади. Бирор-бир ҳужжат расмийлаштирмасдан умумий ҳисобда 99 млн. 850 минг сўм бюджет маблағини талон-торож қилишади. Қилмишларини яшириш мақсадида фуқаролар номидан субсидия ажратиш бўйича сохта аризалар ёзиб, имзолашади.

Бундан ташқари, Нормўмин бошчилигидаги жиноий шериклар 2019 йилда марказнинг 33 нафар ходимига турли миқдорда моддий ёрдам ва бошқа тўловлар тўланишини кўрсатиб, банкдан 224 млн. 167 минг сўм нақд пул олади ва ўзлаштириб юборади.

Марказда тафтиш ўтказилаётганда улар жиноий ҳаракатларини яшириш мақсадида талон-торож қилинган пул марказ ходимларига тарқатилгани тўғрисидаги ведомостларни сохталаштириб, унда номлари кўрсатилган ходимларга имзолатишди. Бироқ ҳамма сирлар ошкор бўлди.

Суд жараёнида айбланувчилар қилмишларига иқрор бўлишди. Талон-торож қилинган пулларни тўлиқ тўлашди. Суд ҳукми билан уларнинг ҳар бири 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Ҳар ойлик иш ҳақидан 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда Нормўмин ва Зафарга 2 йил, Акмалга 2 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.