Пичоқни бекорга чархламаган экан

13:30 - 26.03.2021

4

2020 йили Қорақалпоғистонда 2092 та жиноят рўйхатга олинган. Уларнинг 589 тасиоғир ва ўта оғир жиноятлардир.

Фикримизни мисоллар ёрдамида давом эттирамиз. Фуқаро Н.Утемисов танишининг уйига боради. У ерда улфатлари билан ароқ ичиб, кўчага чиқади. Шу пайт А.Йўлдошевни учратиб, уни ҳеч бир сабабсиз ҳақоратлайди. Табиийки, орада жанжал чиқади. Н.Утемисов А.Йўлдошевни урмоқчи бўлиб унга ташланади, аммо кучи етмайди. Сўнг уйидан пичоқ олиб чиқиб, А.Йўлдошевнинг ёнига боради. Атрофидаги йигитларнинг ажратишга уринишига қарамасдан, А.Йўлдошевнинг елкасига бир неча марта пичоқ уради. Оғир жароҳатланган А.Йўлдошев ҳаётдан кўз юмади. Табиийки, Н.Утемисовга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Яна бир мисол. Фуқаролар П.Лепесов ва Н.Исоқова бундан бир неча йил олдин турмуш қуришади. Орадан вақт ўтиб, ўзаро келишмовчилик сабабли ажрашишади. Лекин П.Лепесов бир йилдан сўнг Н.Исоқова ижарада яшаётган уйга боради ва ярашмоқчи эканини айтади. Аммо Н.Исоқова бирга яшашдан ҳеч қандай маъно йўқлигини, бунинг устига ораларида фарзанд бўлмагани сабабли рад жавобини беради.

Буни тўғри тушунмаган П.Лепесов аёлни бузуқчиликда айблаб, собиқ турмуш ўртоғини ўлдириш мақсадида пичоқлайди. Яхшиямки, оғир жароҳатланган Н.Исоқова яхшилар ёрдами билан шифохонага олиб борилиб, унинг ҳаёти сақлаб қолинади. П.Лепесов қонуний жазога ҳукм этилади.

Ушбу жиноятларнинг сабаби ўрганилганда маълум бўлдики, жиноятчиларнинг бири илгари ҳам жинояти учун жазога тортилганидан хулоса чиқармаган. Аксинча, спиртли ичимликларга ружу қўйган. Иккинчиси оила тақдирига йиллар давомида етарлича эътибор қаратмаган. Юзага келган келишмовчиликни  фақат ўзи тўғри деб билган  йўл билан ҳал қилишга уринган. Айни кунда прокуратура органлари аҳоли ўртасида мана шундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни кучайтирган. Чунки нафақат жазони ижро этиш муассасаларидан қайтганлар, балки жиноятга мойил шахслар билан ишлашга масъул ходимлар, айниқса пробация хизмати ва участка инспекторлари томонидан ўзларига бириктирилган ҳудуддаги ҳар бир оиланинг шароити ўрганилиб, муаммолари ўз вақтида бартараф этилмас экан, жиноятчиликни камайтириш мушкул бўлади.