Давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви

10:30 - 26.03.2021

23

Давлат хизматининг тўғри ташкил этилиши қабул қилинадиган қонун ҳужжатларига боғлиқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида давлат хизмати институтини ислоҳ этиш, давлат хизматчиларининг моддий ва ижтимоий таъминоти, касбий тайёргарлигини такомиллаштириш, бу соҳага янгича фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, ватанпарвар кадрларни жалб этиш бўйича самарали тизим яратиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, давлат хизмати институтининг вазифаси ижтимоий тараққиёт қонунлари ва унинг эҳтиёжлари билан белгиланиши, давлат аппарати фаолиятининг стратегик мақсадларига мувофиқ бўлиши, фаолиятнинг муайян давридаги вазифаларга қараб унга аниқлик киритилиши лозим. Бу эса «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун ҳар томонлама, чуқур асосланган таклифлар асосида кенг муҳокама этилишини талаб қилади.

Давлат хизматида хизматчиларнинг манфаатлар тўқнашуви жараёнидаги хулқ-атворини тартибга солувчи нормалар муҳим ўрин тутади.

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига мувофиқ манфаатлар тўқнашуви деганда шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият тушунилади.

Қонуннинг 19-моддасига кўра давлат органлари ходимлари манфаатларининг тўқнашувини ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларга риоя этилиши юзасидан мониторинг ўтказиш лозим.

Шунингдек, қонуннинг 21-моддасига биноан давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги керак.

Манфаатлар тўқнашуви юзага келганда давлат органларининг ходимлари ўзининг бевосита раҳбарини дарҳол хабардор қилиши зарур. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумот олган раҳбар бу тўқнашувнинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чора кўриши шарт.

Давлат органларининг махсус бўлинмалари ёки одоб комиссиялари манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш қоидасига риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга оширади.

Давлат органларининг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш талаблари бузилишига йўл қўйган ходимлари, шунингдек уларнинг раҳбарлари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2019 йил 12 декабрдаги 208-буйруғи билан тасдиқланган Касб одобномасига мувофиқ ходимлар мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги керак.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида манфаатлар тўқнашувини юзага келтирадиган сабаб ларни ўз вақтида аниқлаш, унинг оқибатини олдиндан кўра билиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, соҳага оид муаммолар бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш, улар асосида тавсиялар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш давлат хизмати самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Жўрабек РАХМАНОВ,
Бош прокуратура академияси тингловчиси