Қадриятлар – номоддий хазинамиз
16:30 - 26.03.2021
16
Ота-боболаримиз, момоларимиз наврўз айёмини нишонлашда турли удум ва маросимларни ўтказишган. Наврўз фалсафаси эзгулик, бағрикенглик, яшариш ва яшнатишдек ғояларни ўз ичига олган. Сумалак сайли ҳам шулардан бири.
– Наврўзда, аниқроғи сумалак пишаётган вақтда эски гиналар унутилиб, аразли кишилар ярашади, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Чиноз туманидаги Тиллатопган маҳалласи фахрийси Ҳабиба Шерова. – Сумалак тайёрлаш шунчаки йиғилиб таом пишириш эмас, балки ёшу қарини жамлайдиган, меҳр-оқибатни мустаҳкамлайдиган маросим. Бир кеча-ю бир кундуз катта гулхан ёқиб, ўйин-кулги қилиш, қўшиқ айтиб ўйнаш одамларни, маҳалладошларни бир-бирига яқинлаштиради, меҳр ришталарини мустаҳкамлайди.
Сумалак билан бирга наврўз кунлари ҳалим, гўжа каби тансиқ таомлар ҳам пиширилган. Бухоро томонларда қозонтўлди тайёрланиб, йил бўйи қозонларимиз таомга тўлиб қайнасин деб эзгу ниятлар қилинган. Хоразмликларнинг илдирма, жугаридеш каби тансиқ таомлари эса қишдан заифлашиб чиққан таналарга қувват беради. Наврўз таомлари жамоа бўлиб тайёрланган, кўпчилик бўлиб тановул этилган, қўни-қўшниларга, касал ётганларга улашилган. Асрлар оша яшаб келаётган бу каби анъаналаримиз халқимизнинг кенг феъли, некбин ҳис-туйғулари, эзгу мақсадлари ифодасидир.
– Халқимизнинг одатлари, айниқса наврўз билан боғлиқ қадриятлар ниҳоятда гўзал, – дейди Тошкент давлат молия институти 3-босқич талабаси Шаҳло Кўпалова. – Эътибор берсак, олийжаноблик, бағрикенглик, аҳиллик, меҳрли бўлишга даъватни кўрамиз. Маънавиятимизнинг бундай томирлардан озиқланиши бизга ғурур беради, қандай халқ авлоди эканимизни ҳис эттиради.
Инглиз тилини мукаммал эгаллаган ушбу талаба дунё халқларининг урф-одатларига қизиқишини айтиб, айрим халқларнинг ғалати одатларидан таажжубланганини ҳам қўшиб қўйди:
– Баъзан ғалати одатлар ҳақида ўқиб, ёқа ушлайман. Масалан, Индонезиянинг Сулавеси оролида манене деган маросим ҳар уч йилда бир марта ўтказилади. Маросимда тоража халқи ўлик қариндошларини қабрларидан қазиб олиб, уларга янги кийимлар кийдиришади. Ушбу маросим юз йилдан зиёд вақтдан бери мавжуд. Иштирокчилар марҳумларнинг жасадлари билан парад ўтказади, суратга тушади. Тоража тилидан таржимада фестиваль «Жасадларни тозалаш маросими» деб аталади. Бундай антиқа одат тоража халқи учун қадриятга айланган бўлса-да, унинг моҳиятида эзгу ғояни учратмайсиз.
Бизнинг ота-боболардан қолган урф-одатлар эса нафақат бир миллат ёки бир ҳудуд учун, балки бутун жаҳонга татигулик умуминсоний ғояларга асосланган. Наврўз сайилларида касаллар, ногиронлар, етимлар ҳолидан хабар олинади, совғалар улашилади. Уришганлар яраштирилади. Севишганлар унаштирилади. Байрам олдидан қишлоқларда ариқлар тозаланиб, далаларда ҳашарлар уюштирилади, маҳаллалар ораста кўринишга келтирилади. Наврўз-ку йилда бир марта нишонланади дерсиз, аммо кунда-кунора гувоҳ бўладиганимиз палов пиширишда ҳам покиза ниятлар мужассам. Бу таом халқимизнинг яхши кунларида, маъракаларда дастурхонга тортилади, сабзи тўғрашдан бошлаб то тановул қилингунича кишиларни бирлаштиради. Қадриятлар – номоддий хазинамиз. Уларни эъзозлашимиз, асраб-авайлашимиз, уларнинг ўрнини бачкана одатлар эгаллашидан эҳтиёт бўлишимиз керак.
Эътибордан четда қолган масала
10:09 - 27.05.2022
66
«Пулни бер ёки офисга онангни келтир!»
11:37 - 26.05.2022
94
Сизни «Apple» акциядорига айлантирамиз!
11:45 - 25.05.2022
128
Ими-жимида дўстлашганлар
09:39 - 23.05.2022
193
«Мени ажратиб қўйишяпти» ёхуд Гендер тенглик қаёқда қолди?
10:05 - 20.05.2022
294
«Аёлинг бир тожик билан…»
10:46 - 19.05.2022
329