Бир ҳовли ака-укачиликдан ҳам азизми?

17:00 - 25.03.2021

6

Абдужаббор ота Норбеков ўғли Абдурасулга уй ҳадя қилган вақтда укаси Мўмин ва унинг оиласи ҳам ушбу уйда яшаш ҳуқуқи сақланиб қолишини алоҳида таъкидлаганди. Аммо бундай бўлмади. Ака-ука ўртасида ушбу уй бўйича низо кучаяверди. Оқибатда Мўмин судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Бекобод шаҳар Ҳамид Олимжон маҳалласи Нуробод кўчаси 54-уйга оила аъзолари билан бирга киритиб қўйишни сўради. Ўз навбатида, А.Норбеков ҳам судга қарши даъво билан мурожаат қилиб, унда М.Норбеков, унинг фарзандлари Севара ва Камола Норбековаларни низоли уйдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топишни сўраган.

Ушбу низо судларда бир неча марта кўрилиб, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти суди кассация инстанциясининг 2020 йил 17 январдаги ажрими билан М.Норбековнинг даъвоси рад қилинган ва А.Норбековнинг қарши даъвоси қаноатлантирилиб, М.Норбеков, унинг фарзандлари Севара ва Камола Норбековаларни низоли уйдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақида қарор қабул қилинган.

М.Норбеков Бош прокуратура ва Тошкент вилояти прокуратурасига мурожаат қилгандан сўнг фуқаролик иши прокуратура томонидан ўрганилди. Шу вақтнинг ўзида прокуратура ходимлари ака-укалар ўртасида меҳр-оқибат ва ҳурмат бўлиши кераклиги ҳақида тарғибот ҳам олиб борди. Шундан сўнг ака-ука Норбековлар ўз қилмишидан тўғри хулоса чиқариб, хатоларини тушуниб, Абдурасул Норбеков ота-онасидан қолган уйнинг бир қисмини 2020 йил 22 декабрь куни нотариал тартибда расмийлаштирган ҳолда укаси Мўмин Норбековга ҳадя қилган ва Мўминнинг мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган.

Мўмин Норбеков ўз тушунтиришида ҳам прокуратурага ариза ёзганидан сўнг акаси Абдурасул Норбеков ота-онасидан қолган уйдан унга икки хона ажратиб бериб, унинг номига қонуний расмийлаштириб берганини таъкидлаб, ушбу низони қайта кўриб чиқмасликни, ака-ука ўртасида бу масалада низолашиш ҳам яхши эмаслигини таъкидлаб ўтди. Прокурор протестини Олий судда кўриш жараёнида ҳам Мўмин Норбеков ўз тушунтиришида уй низоси барҳам топганини билдирди.