Гендер тенглик масалалари

12:00 - 25.03.2021

10

Аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги инсониятнинг тарихий ютуқларидан биридир. Бунга кўра жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, маданий, ижтимоий ҳаётида ҳақиқий тенгликка эришилади.

Мамлакатимизда гендер тенглик масалаларига кенг миқёсда эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Конституциясининг 18-моддасида «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар» деб белгилаб қўйилган.

2019 йил сентябрь ойида «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ва «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинган.

Давлат раҳбарининг 2021 йил 5 мартдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил қилинди. Унга аёлларнинг муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни қўллаш бўйича бир қатор вазифалар юкланди.

Бугун дунёда аёлларнинг муаммолари бартараф қилинишининг тарихига бир назар солиб, бу борада қабул қилинган халқаро ҳужжатларга тўхталиб ўтмоқчиман.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1945 йилнинг 24 октябридан фаолият кўрсатмоқда. БМТда 1949 йилда аёллар муаммолари билан шуғулланувчи махсус орган – Аёллар мақоми бўйича комиссия ташкил этилди. Унга БМТга аъзо мамлакатларнинг 45 нафар вакили киритилган.

Улар иқтисодий, ижтимоий ҳамда таълим соҳаларида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тавсиялар, муаммоларни зудлик билан ҳал қилиш бўйича таклифлар тайёрлайди.

БМТ 1976 йилдан 1985 йилгача бўлган даврни Халқаро аёллар ўн йиллиги деб эътироф этган. Шу даврда 1975 йили Мексика, 1980 йили Дания ва 1985 йили Кенияда ўтказилган халқаро конференцияларда аёллар муаммоларини бартараф этишга қаратилган бир қатор қарорлар қабул қилинди.

Мазкур конференцияларда кўрсатилган муаммолар бўйича 1979 йилда Аёлларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинди.

1993 йилда қабул қилинган Аёлларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш тўғрисидаги декларация бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

2010 йилнинг 1 июль куни БМТ таркибида Гендер тенглик ҳамда аёллар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича ташкилот тузилди. Бу ташкилот «БМТ – аёллар» (UN Women) номи билан танилди.

Ташкилот фаолияти ихтиёрий ажратмалар ҳисобидан молиялаштирилса-да, унинг асосий бюджети БМТ томонидан шакллантирилади.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг Аёллар, тинчлик ва хавфсизликка оид 1325-резолюцияси (2000) уруш аёлларга ҳар хил таъсир кўрсатишини тан олди ва можароларнинг олдини олиш ва уларни ҳал қилиш билан боғлиқ қарорларни қабул қилишда аёлларнинг ролини ошириш зарурлигини яна бир бор тасдиқлади.

Шунингдек, БМТ Бош ассамблеясининг 2015 йил сентябрдаги Барқарор ривожланиш бўйи ча ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-резолюциясига мувофиқ гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш энг устувор вазифалардан бири сифатида эътироф этилди.

Сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича ишлар бир неча йўналишда олиб борилмоқда:
– аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;
– аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш;
– аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш;
– ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитиш.

Гендер тенглик, хотин-қизларни руҳий ва жисмоний қийноқлардан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш келгусида ҳам халқаро ҳамжамиятнинг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолаверади ва бу борадаги фаолият такомиллашиб боради.

Феруза ҚУРБОНОВА,
Олмазор тумани ФҲДЁ бўлими
инспектори