Лимонлар ҳам йўқ, миллионлар ҳам…

17:00 - 24.03.2021

10

Нодир (исмлар ўзгартирилган) уддабурон йигит. У «Ўртабўз файз» МЧЖ раҳбари. Нодир фаолиятини ривожлантириш учун банкдан кредит олмоқчи бўлди. «Миллий банк»нинг Нуробод филиалига мурожаат қилиб, иссиқхона қуриш учун  800 млн. сўм кредит сўради. Банк талаб қилган барча ҳужжатларни тўлиқ тақдим қилди.

«Миллий банк»нинг туман филиали ва жамият ўртасида 18 фоиз устама тўлаш шарти билан, 6 ой имтиёзли давр асосида, 36 ой муддатга сабзавот ва лимон етиштириш мақсадида иссиқхона қуриш учун 800 млн. сўм кредит бериш бўйича шартнома тузилди. Кредит таъминоти сифатида банкка жамиятга тегишли 1 млрд.  43 млн. 600 минг сўмлик дўкон биносини, 48 млн. 237 минг сўмга баҳоланган «Нексия» ва 37 млн. 869 минг сўмга баҳоланган «Спарк» автомашиналарини гаровга қўйди. Бундан ташқари, кредит таъминотига қўшимча сифатида учта корхонанинг 270 млн. сўмлик кафиллик шартномаси ҳам қўйилди. Нодир гаровга олинган мулкларни 3 йил муддатга суғурта қилдириб, банкка топширди.

Банк ходимлари олинган кредитнинг тўғри ишлатилиши юзасидан мониторинг ўтказишди. Нодирни қурилишни кечиктираётгани учун бир неча марта огоҳлантиришди.

Нодир замонавий иссиқхона қуриш учун муносиб жой тополмаганини рўкач қилиб иссиқхона қурмади. Кейинчалик пулни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборди. Шундан кейин банк ходимлари иссиқхона учун ажратилган кредит нотўғри ишлатилгани юзасидан далолатнома тузиб, ҳужжатларни судга тақдим этишди. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳал қилув қарорига асосан банкнинг ундирувни гаровдаги мулкларга қаратиш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилди.

Суднинг ижро варақасига кўра «Миллий банк» филиалига қўшимча жавобгар «Жамол жаҳон сервис» ХКдан 100 млн. сўм, «Ўртабўз тонги» ХКдан 70 млн. сўм ва «Камолиддин универсал сервис» ХКдан 100 млн. сўм ундирилди. Гаровга қўйилган дўкон биноси ва автоуловлар кимошди савдосига чиқарилди. Электрон-онлайн аукционда «Спарк» 42 млн. 449 минг сўмга сотилди.

Шундан сўнг Нодир «Миллий банк» филиалига қарзини ўз ихтиёри билан тўлиқ тўлади. Суд мажлисида у қилмишидан пушаймонлигини ва қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлигини, банкнинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўради.

Суд ҳукми билан Нодирга иш ҳақининг 10 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.