“Темир эшик ясашимизни ҳамма билади, шубҳаланишмайди…”

13:30 - 24.03.2021

26

Пешку тумани Манғитлар қишлоғида яшовчи Жабборовлар оиласи “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури асосида яратилган имкониятдан фойдаланишни ният қилди. «Mardonbobo baraka obod» МЧЖ раҳбари Шерали Жабборов «Манғитон сулоласи» МЧЖ раҳбари – укаси Шаҳобиддин Жабборов билан жиноий тил бириктирди.

– «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури бўйича кредит олсак деб турибман.

– Менинг ишхонам номига олиб… Сизнинг жамият орқали…

– Тушунган кишининг садағаси кетсанг арзийди. Ўзи темир дарвоза, эшиклар ясашимизни ҳамма билади. Ускуна оламиз деймиз-да а?..

Ака-укалар «Агробанк»нинг Пешку филиалидан GRF 2280 русумли металга ишлов бериш ускуна оламиз деб 200 миллион сўм имтиёзли кредит олишга эришдилар. Таъминотчи корхона  сифатида «Mardonbobo baraka obod» МЧЖ кўрсатилди. Аслида ҳеч қандай ускуна олинмаган бўлса-да, 160 миллион сўм пул кўчириб берилди.

Ноқонуний иш самарали бўлмади. «Mardonbobo baraka obod»нинг ишлари орқага кетиб, солиқдан қарзи кўпайиб бораверди. Банкдан олинган кредитни қарзини қоплашга ишлатган корчалон 50 миллион сўмни нақдлаштириб, бозордан темирга ишлов бериш ускунасини харид қилиб цехга келтириб қўйди.

Кутилганидек, банк ходимлари кредит тўғри ишлатилганини текширишганида кредит ажратилган ускуна олиб келинмагани аниқланди. Суд ҳукмига кўра Шерали Жабборов ойлик маошининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 3 йил муддатга, Шаҳобиддин Жабборов ҳам иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ўтказиш шарти билан 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилди.