Шўрчилик газчининг шўри қуриди

12:00 - 24.03.2021

19

Сурхондарё ҳудудий газ таъминоти филиали Шўрчи тумани газ таъминоти ходими Мамасоат Суюнов тадбиркорни ҳам жиноятга бошламоқчи бўлади.

2020 йилнинг сентябрь ойида М.Суюнов Шўрчи туманидаги Ёшғайрат маҳалласига борганида тадбиркор Ф.Х.ни учратиб қолади. Аслида унинг газ идорасидан қарзи бўлмаса-да, 21 млн. сўм қарзи борлигини рўкач қилади. Агар 11 млн. сўм берса, қарзини туман газ бўлимидаги электрон базадан ўчириб ташлашга ваъда беради.

Тадбиркор М.Суюновга қарзи йўқлигини бир неча бор таъкидласа-да, у ёнидаги солиштирма қоғозни кўрсатиб, қарз масаласини тезроқ ҳал этишини айтади. Орадан бир неча кун ўтгач эса Ф.Х.га қўнғироқ қилиб, пулни тезроқ олиб келиб беришини, акс ҳолда чора кўришини айтади. Шундан сўнг Ф.Х. тегишли жойга ариза билан мурожаат қилади.

Департаментнинг Шўрчи тумани бўлими ходимлари ўтказган тадбирда М.Суюнов Ф.Х.дан 9 млн. 500 минг сўм пулни олаётган вақтида қўлга олинди.

Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Шўрчи тумани судида кўриб чиқилиб, Ш.Суюновга нисбатан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.