Бузоқ қувлаб, ҳўкиз овлаб юрган йигитлар…

16:30 - 23.03.2021

8

Туш вақти Озод корхонага тегишли «Нексия»да танишлари Соли ва Сардор билан Қарши шаҳрини сайр қилиб, ора-сира киракашлик қилиб юрарди. Бекатлардан бирида турган икки йўловчи Нишон туманига кетишларини айтиб қолди. Озод улар билан савдолашиб, Нишонга йўл олди.

Қаршига қайтаётганларида Янгиобод маҳалласидаги далада битта бузоқни кўриб қолишди.

– Зўр бузоқча эканми? – деди Озод шерикларига. – Опкетмаймизми?

Учовлон бузоқни қува кетишди. Бузоқнинг югургани эса машина юкхонасигача бўлди. Йигитлар уни машинага ортиб, Қарши тумани Истиқлол маҳалласига олиб келишди. Шу ерда яшовчи Абдирайим Мустоновга мол боқиб қўйган бойваччадек бузоқни 1 600 000 сўмга сотиб юборишди. Пулни эса бўлиб олишди.

Учовлон «ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» деганларидай орадан беш кун ўтмай яна ўғирликка қўл уришди. Авжи пешинда Озоднинг «Нексия»сида Нишон тумани Талимаржон шаҳри Обод маҳалласига боришди. Далада ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ўтлаб юрган бир ҳўкизни машинага ортишди-ю жуфтакни ростлашди.

Озод Қарши шаҳри Темирйўлчи маҳалласида яшовчи қўшниси Ш.Раимовга ҳўкизни 2 550 000 сўмга пуллади. Қўшни аввалига 500 000 сўм, кейинроқ қолганини ҳам берди.

Аммо Озод бу пулдан шерикларига улуш бергиси келмади. Юз минг сўмига автосервисда машинасига янги чироқ қўйдирди. Қолганини ҳам эҳтиёжига сарфлаб юборди…

Жиноят ишлари бўйича Миришкор тумани судида мазкур жиноят тафсилотларига ойдинлик киритилди. Қайд этилишича, Озод Парфёнов 1998 йилда туғилган. Маълумоти ўрта, ҳеч қаерда ишламайди, бўйдоқ. Қарши шаҳри Шоҳбекат маҳалласида яшаган. Унинг шериги Соли Ўткиров эса 1999 йилда туғилган. Маълумоти ўрта-махсус, ишламаган, бўйдоқ. Қарши шаҳри Наво маҳалласида яшаган.

Иккинчи шериги Сардор Эргашов 2000 йилда туғилган. Маълумоти ўрта, ишламаган, бўйдоқ. Йигитларнинг учаласи ҳам илгари қилган жиноятлари учун ахлоқ тузатиш, озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. Бироқ бундан етарли хулоса чиқаришмаган…

Суд ҳукм қилди. Озод Парфёнов, Соли Ўткиров ва Сардор Эргашовга илгариги жазони қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил 9 ойу 24 кундан озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жабрланувчиларга етказилган зарар ҳам улардан ундириб берилди.