“IMEI” коднинг имкониятлари

10:30 - 23.03.2021

24

У НИМАЛАРГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ?

Мамлакатимизда тезкор қидирув ва жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жиноят ишлари терговини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда яхшилаш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, 2020 йил 30 ноябрда «Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Мазкур қонун билан 2012 йил 25 декабрдаги «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасида қайд этилган 16 та тезкор қидирув тадбирининг айримларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, 14-модданинг ўнинчи хатбошисидаги тадбирнинг номи «Турар жойларни ва бошқа жойларни, биноларни, иншоотларни, жойнинг участкаларини, техник ва транспорт воситаларини текшириш» деб ўзгартирилиб, унга кўра тезкор қидирув ни амалга оширувчи органларга қўшимча равишда техник воситаларни (компьютер ва алоқа қурилмаларини) ҳам текшириш ваколати юклатилди. Шундан келиб чиқиб, ушбу тадбирнинг қонундаги тушунчасига ҳам ўзгартиш киритилди.

Қонуннинг 14-моддаси ўн биринчи хатбошисидаги тезкор қидирув тадбирининг номидан «бош қа хабарлар» деган жумла чиқариб ташланиб, «Почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларини назорат қилиш» деб берилди ҳамда унинг тушунчаси ҳам янги таҳрирда акс эттирилди: «Почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларини назорат қилиш – тезкор қидирув фаолиятининг вазифаларини ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган ахборотни олиш мақсадида почта, курьерлик жўнатмалари ҳамда телеграф хат-хабарларини ноошкора танлаб олиш ва ўрганишдан иборат бўлган тадбир».

Назорат объектлари почта орқали юбориладиган хатлар, телеграммалар, посилкалар, бандероллар, банк контейнерлари, пул ва курьерлик жўнатмаларидир. Муайян шахсга юборилган ёки ундан чиқаётган, шунингдек муайян манзилга келиб тушувчи ёки ундан чиқувчи барча хат-хабарлар назорат қилиниши мумкин. Почта муассасаларини четлаб алоҳида шахс лар орқали юборилган жўнатмалар текширилмайди.

Қонунга киритилган яна бир ўзгартиш «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддаси ўн иккинчи хатбошисида қайд этилган «Телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиш»нинг «Телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш» деган таҳрирда берилиши бўлди. Унинг тушунчаси ҳам ўзгартирилиб, «махсус техник воситалардан фойдаланган ҳолда олиб бориладиган сўзлашувларни, шу жумладан узатиладиган матнли, график ва мультимедиа ахборотини ноошкора эшитиб туриш, тутиб қолиш ва қайд этишдан иборат бўлган тадбир» деган таҳрирда берилди. Яъни, янги тадбир нафақат ахборотни ноошкора эшитиб туришни, балки узатиладиган ахборотни олиш жараёнини ҳам ўз ичига олади. Шу билан бирга, тадбирнинг янги номи ЖПКнинг 169-моддаси номи билан бирхиллаштирилди.

Мазкур тадбирдаги «телекоммуникация қурилмалари» билан 14-модданинг ўн учинчи хатбошисидаги «Алоқанинг техник каналларидан ахборот олиш» деб номланган тадбир қамраб олингани сабабли ушбу тадбир рўйхатдан чиқариб ташланди.

Тадбирнинг объекти жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахслар, шунингдек қидирилаётган жиноятчиларнинг қаердалиги ҳақида маълумотга эга бўлиши мумкин бўлган шахсларнинг телефонлари ёки бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувлари ёхуд улар орқали узатиладиган ахборотлардир.

Ушбу тадбир учун фойдаланиладиган алоқа каналларининг техник хусусияти (симли алоқа линиялари, радиотелефон каналлари, уяли алоқа, йўлдош алоқаси каналлари кабилар) ҳуқуқий жиҳатдан қараганда муҳим эмас. Ўзининг мазмунига кўра мазкур тадбир ЖПКнинг 21-бобида назарда тутилган тергов ҳаракати, яъни телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олишга ўхшаб кетади. Шу боис қўзғатилган жиноят ишлари бўйича жиноят-процессуал шаклдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда қўзғатилган жиноят иши ўз юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи томонидан зарур ҳужжатлар тайёрланиб, прокурор санкцияси олиниб, тезкор қидирувни амалга оширувчи орган орқали махсус ваколатли давлат органига ижро этиш учун юборилади.

Жиноятга алоқадор шахсларнинг телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш тезкор қидирувни амалга оширувчи орган раҳбари тасдиқлаган қарорга ҳамда прокурорнинг санкциясига мувофиқ махсус ваколатли давлат органининг кучлари ҳамда воситалари билан ўтказилади.

Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда ушбу тадбирни ўтказишга тезкор қидирувни амалга оширувчи орган раҳбари тасдиқлаган қарор асосида рухсат этилади, прокурор бу ҳақда 24 соат ичида хабардор қилинади. Узоқ давом этадиган тадбир ўтказилганда тезкор қидирувни амалга оширувчи орган бундай тадбирни ўтказиш ҳақида тадбир бошланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида прокурорнинг санкциясини олиши ёхуд тадбир ўтказишни тугатиши шарт. Бундай ҳолларда тадбир бир сутка давомида қонуний кучга эга бўлади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда қарийб ҳар бир фуқаронинг мобиль телефони бўлиб, ундан қўнғироқ қилиш билан бирга интернетга кириш, матнли хабарларни юбориш ҳамда турли ҳодисаларни ёзиб олиш ва тарқатишда фойдаланиш мумкин. Шу билан бирга, телефон орқали эгасининг ҳаракатларини кузатиш, манзилини, бошқа абонентлар билан боғланишларини аниқлаш имкони ҳам бор.

Илгари абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисида «маълумот тўплаш» тезкор қидирув тадбири доирасида ахборот олиб келинган, бунинг учун тезкор қидирувни амалга оширувчи орган раҳбарининг сўровига асосан алоқа операторлари ахборот тақдим қилган.

Мазкур тадбирнинг моҳиятини тўғри анг лаш учун «абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисида ахборот олиш» атамаси мазмунини тушуниб олиш лозим. Одатда ушбу тадбир «телефон биллинги (деталлаштириш)» деб аталиб, жиноятчиликка қарши курашда ундан кенг фойдаланилади.

Маълумки, ҳар бир телефон ноёб (IMEI) кодга эга бўлиб, унга сим-карта қўйилиб илк бор қўнғироқ қилиниши (СМС юборилиши ёки интернетга кирилиши) билан телефон мобиль алоқа оператори тармоғи серверига қайд қилинади ва унда сақланади. IMEI код ёрдамида:

а) қурилманинг манзилини аниқ лаш; б) қурилмани узиб қўйиш; в) тариф режасига оид маълумот; г) кирувчи, чиқувчи қўнғироқлар, СМСлар ҳақидаги маълумот; д) абонент ҳақидаги ахборотни олиш мумкин. Амалиётда телефон биллингидан фойдаланишнинг қуйидаги турлари кўп учрайди: биринчи турдаги телефон биллинги (оддий деталлаштириш), яъни алоқа оператори телефон эгасининг аризасига кўра унинг муайян вақтдаги боғланишлари (қўнғироқ, СМС ва ҳ.), телефон сақланаётган жой, ҳисобдаги маблағ, қилинган харажатлар, йўқолган аппаратдаги телефон дафтарчаси ҳақидаги ахборотни ҳақ эвазига тақдим этиши мумкин. Бунда прокурорнинг рухсатини олиш талаб этилмайди.

Телефон биллингидан фойдаланишнинг бошқа турлари эса тезкор қидирувни амалга оширувчи органлар томонидан прокурор санкциясига биноан ўтказилади.

Иккинчи турдаги телефон биллингида нафақат боғланишлар санаси, вақти, давомийлиги тўғрисида, балки қўнғироқ қайси жойдан амалга оширилгани, абонентнинг геолокациясига оид ахборотни ҳам олиш мумкин.

Учинчи турдаги телефон биллинги яна ҳам мураккаброқ бўлиб, бунда абонентнинг ҳудуддаги ҳаракатларидан ташқари у билан боғланган абонентнинг ҳам геолокацияси, қайси ҳудуддан қўнғироқ қилаётгани ҳақидаги ахборотни олиш мумкин. Бу ҳолда таҳлил учун кўпроқ имконият яратилади, чунки телефоннинг сим-картаси олиб ташланганда ёки алмаштирилганда ҳам телефон ёки ундан фойдаланаётган шахснинг ҳаракатини ундаги IMEI код орқали назорат қилиш имкони бор. Мазкур турдаги телефон биллингидан фойдаланиш орқали аксарият жиноятлар фош этилади.

Телефон биллингининг аниқлиги аввало муайян ҳудуддаги станция антенналарининг жойлашиш даражасига боғлиқ. Масалан, шаҳар марказида бундай антенналар кўп бўлса, чекка ҳудудларда камроқ бўлиши мумкин.
Мазкур тадбирлар оғир ва ўта оғир жиноятларга қарши курашиш самарадорлигини оширади. Шу билан бирга фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига дахл қилувчи ушбу тадбирлар, агар шахс, жамият ва давлат манфаатларини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш учун ҳақиқий маълумотларни бош қа йўл билан олиш имкони бўлмаса, истисно сифатида қўлланади.

Вахабжан КАРИМОВ,
Бош прокуратура академияси доценти,
юридик фанлар доктори