Синоатли, севимли ва саховатли…

11:30 - 21.03.2021

24

Офтобнинг нурли жилвалари, сарин шаббоданинг майин ва илиқ эркалашлари, чаппар уриб гуллаган боғларнинг хушбўй нафаси юртимизга баҳор кириб келганидан дарак бермоқда. Унинг ташрифи не-не қалбларни чароғон этмади дейсиз. Зеро, баҳор ёруғлик, рўшнолик фасли. Янаям муҳими, у халқимизнинг севимли байрами наврўзни бошлаб келди.

Не-не синовлардан ўтган, лекин ҳеч қачон қадди дол бўлмаган, бирор ғаним банди қила олмаган наврўз яна ўлкамизга ташриф буюрди. Шу боис табиат ҳам бугун одатдагидан сўлимроқ. Наврўз – янги кун демак. Шарқ тақвимига кўра ушбу айём – табиатда янги йилнинг бошланишини, инсоннинг жисми-ю руҳиятида, набототу ҳайвонот дунёсида уйғониш, ўсиш, камолга етиш ва такрор янгиланишни, сирасини айтганда, ҳаёт абадийлигини ифодалайди.

ҲЕЧ БИРИГА ЎХШАМАС…

Наврўзда кун билан тун тенглашади. Табиатда ажиб бир мувозанат пайдо бўлади. Бу байрамни Марказий Осиё халқлари қадимги даврлардан буён нишонлаб келишади. Наврўз бошқа байрамларга ўхшамайди. Унинг ўзига хос жиҳатлари, ҳеч бир байрамга қиёслаб бўлмайдиган гўзал анъаналари бор. У бир ой давомида байрам қилинади. Наврўз шарофати билан дастурхонларимиз тўкин, халқимизнинг ҳар бир куни шоду хуррам ўтади. Аразлар, гиналар унутилади, хонадонлар, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда кўтаринки руҳ, хуш кайфият ҳукм суради. Ана шундай хушвақт кунлардан кўнглимиз чоғ бўлиб, баҳорнинг тарк этмаслигини Яратгандан илтижо қиламиз. Ушбу байрамнинг моҳияти улуғ шоир ва мутафаккирларимиз томонидан муқаддас китобимиз Қуръони каримда нозил қилинган қадр кечаси билан уйғун англаниб, шарҳлаб келинган. Масалан, ҳазрат Алишер Навоийнинг «Ҳар тунинг қадр ўлубон, Ҳар кунинг ўлсин наврўз» деган шоҳ байтида донишманд халқимизнинг Наврўзга бўлган муносабати ёрқин акс этган. Наврўз – деҳқон даласига чиқадиган, ризқ-рўз учун барака уруғи сочадиган улуғ ва мўътабар байрамдир. У – тириклик, бунёдкорлик фасли, уйғонишнинг ибтидосидир. У қадриятларимизни улуғлайдиган улуғ айём. Ҳеч бир айёмни халқимиз наврўзчалик интиқлик билан кутмайди. Наврўзни сахийлик, меҳроқибат, хайр-эҳсон, адолат ва шафқат тантана қиладиган кун дейишади. Ҳамма бир-бирига меҳр-мурувват кўрсатади бу кун. Бу кун етим-есирларнинг боши силанади. Муҳтожларга ёрдам қўли чўзилади. Бунда ота-боболаримиздан қолган «Ўнг қўлинг қилган хайрни чап қўлинг билмасин» деган ақидага амал қилинади. Чунки хайр-эҳсон билан мақтанилмайди. Эҳсон савоб учун қилинади.

«ЕТКАЗГАНИГА ШУКУР…»

Шундай замонлар ўтдики, халқимиздан бу мўътабар байрамни тортиб олмоқчи, наврўз билан боғлиқ миллий ва умуминсоний қадриятларга мос таомилларни миллатимиз ёдидан ўчирмоқчи бўлдилар. Шукурки, мустақиллик уни яна халқимизга қайтарди. Эзгу удумлари янгича мазмун, янгича жозиба ва кўрк билан бойи ди. У нафақат ўзининг қадимий қадриятлари, балки истиқлол давридаги янги кўринишлари билан ҳам бирлаштирувчи, жипслаштирувчи анъаналарни яратди. Шаҳару қишлоқларимизда ҳашар билан гузарлар, мактабу боғчаларни таъмирлаш кўпинча ана шу гўзал байрам кунлари амалга оширилади. Эл-улус айнан ана шундай кунларда ўзининг ўзгалар олдида – миллатдошлари, юрти олдида қарздорлигини теранроқ англайди. Қуёш Ҳамал буржига кириб, фасллар келинчаги – баҳор бепоён кенгликларга ўз сепини ёйди. Феруза осмон, зумрад далалар, дарахтларнинг пушти-ю нофармон гулли новдалари майин эпкинларда нафис чайқалиб, атрофга анвойи ҳидлар таратиши, саъва-ю қумриларнинг боғлар висолидан сармаст бўлиб чаҳ-чаҳ уриб сайрашлари, тоғлар кўксидаги қорлар эриб, шўх-шан жилғаларнинг сойлару дарёлар сари шилдираб-пилдираб шошиш лари, гоҳ-гоҳ ҳадларидан ошиб, долғаланиб селларга айланишлари, шишадай тиниқ осмон бир лаҳзада қовоғини уйиб момақалдироқ чалиб, ёмғиру жалалар қуйиши – булар бетакрор табиатли мамлакатимизнинг ўзига хос баҳори манзараларидан бир шингили, холос. Аслида бизнинг наврўз, бизнинг кўклам минг бир ҳолда турланади, минг бир оройишлар билан қалбимиздаги қиш мудроғини, кўнгил ғуборларини чилпарчин этади. Жисмимизга, руҳимизга ёруғ безовталик индиради, шижоатимизни уйғотади. Деҳқонни даласига, қўйчивонни яйловига, қўйингки, барча-барчани меҳнат қучоғига йўллайди. Бир яхши одам келса, уйингиз қандай нурга тўлиб кетади, юртимизга баҳорнинг ташрифи ҳам шундай севинчли. Кўклам элчиси бойчечакни кўрганда момоларимизнинг «Етказганига шукур!» дея Яратганга ҳамду санолар айтиши ҳам бежиз эмас. Бу фасл қалбларда янги орзу чечак ларини ундиради.

ЙИЛБОШИНИНГ БЕТАКРОР ҲИКМАТЛАРИ

Миллатнинг миллат эканини кўрсатувчи бирламчи жиҳат унинг қадриятларидир дейишади. Ҳар бир инсоннинг феъли қилаётган ишларида, юриш-туришида зоҳир бўлганидек, халқнинг маънавий қиёфаси урфодатларида, хусусан, миллий байрамларида акс этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, наврўз халқимизнинг миллий менталитети, борлиққа, бутун оламга, инсониятга бўлган муносабатини кўрсатувчи муборак айёмдир. Сурхондарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида Наврўз олдидан йилбоши деган маросим ўтказиш удуми бор. Одамлар кенг кўкаламга йиғилиб, ерга тўшалган кўрпачаларга ястаниб, баҳор неъматларига тўла дастурхон атрофида янги йил тадоригини кўришади. Қиш қандай кечди-ю кўклам қандай келаяпти, деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачиликнинг эртаси ҳақида суҳбат қуришади. Қариялар, ёлғиз кексалар, етим-есирларнинг ҳолидан хабар олинади. Бу янглиғ меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик, аҳиллик шу тариқа ёш авлод онгига сингдириб борилади. Ҳашар каби дунёдаги ҳеч бир миллат ва халқда учрамайдиган хайрли удум ҳам йилбоши, наврўз билан бевосита боғлиқдир. Ушбу муборак кун сабабли одамлар кўчалар, ҳовлилар ва хиёбонларни янада обод қиладилар. Мевали, манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазадилар, дарахтлар[1]га ишлов бериб, боғларга чирой бахш этадилар. Қуриш, яратиш, яшнатиш ишқи билан яшовчи халқ ўзининг энг мўътабар, энг азиз байрамларида кифтини келтириб яйрашни, шоду хуррамлик қилишни, бир-бирига меҳр-оқибат кўрсатишни ҳам билади. Бугун юртимизнинг қай бир гўшасига – маҳалласи-ю хонадонига, гузару чойхонасига, узоқ-узоқ қишлоқларининг сайилгоҳларига борманг, шак-шубҳасиз, дилтортар, кўнгилочар шодиёналар устидан чиқасиз. Сумалагу ҳалимлардан, муқаддас туп роғимизда ўсувчи минг хил шифобахш гиёҳлардан тайёрланган сомса-ю чучваралар, қўй қатиғи-ю биянинг қимизидан баҳраманд бўлиб, достону термалар, айтишувлару лапарлар тинглаб, кўпкаридаги чавандозлар шиддатига, курашдаги полвонлар маҳоратига тан бериб, офарин айтиб, йилбоши удумларининг бошида туриб дуо қилаётган отахону онахонларни зиёрат қилиб, донишманд ҳаётнинг абадий ҳикматини ҳис этасиз.

ЭЗГУЛИККА ОШНОДИР БУ АЙЁМ…

Ҳа, наврўз ана шундай эзгулик ларга эш айём. Шунинг учун ҳам ёру дўстлар бир-бирларига ана шу муборак кунларда юракдан чиқариб, бутун меҳру муҳаббатини қўшиб ҳар кунингиз наврўздай мўътабар ва азиз, наврўздай тотли бўлсин деб тилак билдиради. Ўз даврининг қомусий олими бўлмиш Хожа Али Ҳаким Термизийнинг «Наврўзнома» асарида шундай сатрлар бор: «Агар наврўзи олам якшанба куни дохил бўлса, қуёшга тааллуқлидир. Бу йил неъматлар кўп. Фитна, ёмонлик оз бўлади. Тоғлардаги полизлару деҳқонларнинг экинлари ях[1]ши битади. Йил бошида арзончилик, охирида андак қиммат роқ бўлса-да, тез ўтади. Экинларни эртароқ эккан маъқул». Бобокалонимиз башорат қилганидек, йилнинг биринчи куни халқимиз шоду хуррамлик билан наврўзи оламни нишонлайди. Улуғларимиз гапларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бу йил ҳар кунимиз наврўз бўлсин, ўлкамизда гўзаллик, янгиланиш, ёшариш фасли баҳор мангу қолсин, юртни чароғон этиш, ерни яшнатиш ишқи ҳеч бир дилни тарк этмасин!

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»