Ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган

15:00 - 19.03.2021

10

Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатида суд-ҳуқуқ масалаларига доир кўплаб янгиликлар илгари сурилди. Жумладан, 2021 йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилди, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинди, фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги учта суд бирлаштирилди. Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди.

Қайд этиш керакки, бугунги кунга қадар вилоят судлари чиқарган қарорлар устидан шикоят қилинганда шикоятни шу судларнинг ўзи кўриб чиқар ва ишнинг бошқача ҳал қилиниши қийин эди. Бу эса суд тортишувлари давом эттирилишига, ишнинг қайта-қайта кўрилишига сабаб бўлар эди.

Яна бир муҳим ўзгаришлардан бири, шубҳасиз, бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил-колонияга ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри пробация назоратига олиниши бўлди. Шу билан бирга, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш муассасаларидан янги ташкил этиладиган инсонпарварлик комиссияларига ўтказилади.