Сектордаги 273 оила “темир дафтар”дан чиқди

13:30 - 19.03.2021

8

Хонқа тумани прокурори раҳбарлигидаги иккинчи секторда 10 та маҳаллада 8372 та оила истиқомат қилади. 2020 йилда сектор бўйича 4883 та хонадон ўрганилиб, 756 тасида муаммо аниқланди ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал қилинди. Муҳтожларга 1914 та ҳолатда 1 млрд. 221 млн. сўмликдан зиёд ёрдам кўрсатилди.

Камбағал оилаларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашда асосий эътибор уларнинг доимий даромад манбасини шакллантиришга қаратилмоқда. Шунга кўра 235 та оилада 273 кишининг бандлиги таъминланди.  Бунинг натижасида бу оилалар «темир дафтар»дан чиқарилди.

Иккинчи секторда ўтказилган сайёр қабулларда 500 дан ортиқ фуқаро 139 та муаммони бартараф этиш юзасидан мурожаат қилган. Уларнинг 93 таси қаноатлантирилган. 46 тасига асосли ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Қабуллардан бирида Олчин маҳалласида яшовчи М.Раҳимов маҳалладаги симёғочларнинг таъмирталаблигини билдирди. Мутасаддилар билан ҳамкорликда муаммо бартараф қилинди. Шу маҳаллада яшовчи Г.Бекчановага даволаниш учун ёрдам кўрсатилди.

Аёллар ва ёшларнинг муаммолари ҳал қилиниши ҳам назоратга олинган. Ҳар ойда икки марта меҳнат ярмаркаси ташкил қилиниб, уларда 80 дан ортиқ корхона ва ташкилот 369 та бўш иш ўрни билан қатнашди. 51 кишига ишга йўлланма берилди, тадбиркорликни йўлга қўйиш истагидаги 48 кишига ёрдам кўрсатилди, 316 нафар фуқарога меҳнат қонунчилигига доир маслаҳат берилди.

Иккинчи сектор ҳудудида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар 6786 нафар. Анкета натижасига кўра 1478 нафари «ёшлар дафтари»га киритилган. 2021 йилнинг биринчи чорагида 273 нафар ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, 73 нафарининг ижтимоий-иқтисодий, психологик муаммоларини ҳал қилиш бўйича иш олиб борилмоқда.