Тошкент вилоятида 2342 гектар ер ўзбошимчалик билан эгалланган

10:00 - 19.03.2021

9

Тошкент вилоятида 2020 йилда ўтказилган хатловларда 9624 та ҳолатда 2342 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллангани ва 566 гектар майдонда 10 389 та ноқонуний қурилиш қилингани аниқланган.

2021 йилнинг 3 февралидан бошлаб вилоятда ердан фойдаланиш аҳволи қайтадан ўрганилганда, кўплаб қонунбузилишлар аниқланди. Жумладан, охирги бир ой ичида 263 та ҳолатда 97,4 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллангани ҳамда 37,9 гектар ерда 428 та ноқонуний қурилиш қилингани фош этилди.

Бу каби қонунбузилишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан прокуратура органлари томонидан қатъий назорат ўрнатилгани натижасида маълум бўлди.

Бундан ташқари, вилоятда 198 та хусусий корхона ва масъулияти чекланган жамиятга ажратилган 1149 гектар ердан самарасиз фойдаланмоқда.

Туман ҳокимликлари томонидан 2021 йилнинг ўтган даврида жами 1703 гектар ерни ажратиш ёки олиб қўйиш билан боғлиқ 40 та қарорни қабул қилишда қонун бузилгани аниқланиб, уларга нисбатан протест келтирилди.

Энг ачинарлиси, вилоятда рўйхатдан ўтган қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фермер хўжаликларидан 1170 тасининг 16749 гектар ери бўлса-да, 2020 йилда ҳисобрақамида умуман маблағ айланмаган ва давлатга 2,2 млрд. сўмлик солиқ тўланмаган. Шундан 543 таси мева-сабзавотчилик ва иссиқхона, 156 таси балиқчилик ва паррандачилик, 136 таси чорвачилик ҳамда 335 таси бошқа йўналишдаги корхона ҳисобланади.

Шунингдек, вилоятдаги 307 та қишлоқ хўжалиги корхонаси 5531 гектар ердан унумли фойдаланмагани, фаолиятини тўхтатиб, умуман маҳсулот етиштирмагани оқибатида 215,4 млн. сўмлик солиқ қарзи вужудга келган. Масалан, Зангиота туманидаги 88 та корхона бир йил давомида, 8 таси эса 3 йилдан ортиқ вақт мобайнида солиқ органларига ҳисобрақамида пул айланмагани ва маҳсулот ишлаб чиқармагани тўғрисида ҳисобот тақдим этиб келган.